Спенс Англия термасидаги биринчи мусулмон футболчи сифатида тарих ёзмоқда

Спорт

image

25 ёшли Жед Спенс Англия терма жамоаси сафида илк бор ўйнаш арафасида. У нафақат ўзининг футбол маҳорати билан, балки мусулмон сифатида миллий жамоа даражасига кўтарилган илк футболчи бўлиши мумкинлиги билан ҳам тарих яратмоқда. Бу ҳақда BBC хабар қилди.

Спенс илгари “Мидлсбро” сафида порлаб, кейин “Тоттенхэм” томонидан сотиб олинган, бироқ бир неча бор ижарага берилган эди. Фақат сўнгги мавсумдагина у ўз ўрнини топди: Премьер-лигада деярли ҳар бир дақиқа майдонда бўлди, Европа Лигасида муҳим учрашувларда жамоасига ёрдам берди ва “шпорлар”ни Чемпионлар лигасига қайтишида асосий роль ўйнади.

Энди у Андорра ва Сербияга қарши ЖЧ саралаш баҳсларида Англия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилади.

“Бу неъмат – шунчаки ажойиб. Мен кўп дуо қиламан, доимо шукрона қиламан. Оғир дамларимда ҳам Аллоҳ ёнимда бўлганига ишонаман. Бу мен учун энг катта куч манбайи”, дейди Спенс.

У ўз дини туфайли қўшимча босим сезмаслигини айтади ва ўз ҳикояси кўплаб болалар учун илҳом манбайи бўлишига умид қилади.

“Агар мен қила олсам, сиз ҳам қила оласиз. Бу нафақат мусулмон болалар, балки ҳар қандай эътиқодли бола учун мисол бўлиши мумкин”, дейди у.

Спенснинг йўли осон бўлмади: жароҳатлар, четлатилишлар, ҳатто Европа чемпионатида иштирок этиш имкониятини бой бериши. Лекин у ҳар доим курашни давом эттирди ва бугун Англия терма жамоасининг энг кўп кутилган дебютантларидан бирига айланди.

Уни 21 ёшгача бўлганлар терма жамоасида ишлаган мураббий Ли Карсли шундай таърифлаган эди:

“Жед жуда сезгир ва ҳужумкор спортчи. У тўп билан тезкор, дриблинги кучли ва ҳимояда ҳам ишончли. Унинг салоҳияти жуда катта”.

Спенс энди нафақат “Тоттенхэм” мухлислари, балки бутун Англия ва мусулмон ёш футболчилар учун янги умид рамзига айланмоқда.

Жаҳонгир Болтабоев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Тоттенхэм Англия Жед Спенс

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг