Совға бериш ҳам коррупциянинг бир кўриниши - БМТ Тараққиёт Дастури эксперти

Жамият

image

Ҳаттоки, бирор хизмат эвазига розилик билан совға бериш ҳам коррупциянинг бир кўриниши ҳисобланади. Бу собиқ иттифоқ мамлакатлари қаторида Ўзбекистонда ҳам урчиган иллат. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт Дастури эксперти Аида Арутюнова бугун, 13 декабрь куни пойтахт Тошкентдаги “Wyndham Tashkent” меҳмонхонасида ўтган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш ислоҳотлари: ютуқлар ва устувор вазифалар” мавзусидаги халқаро форумда маълум қилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Руспубликаси Адлия вазирлиги, БМТнинг Тараққиёт Дастури вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмитаси, журналистлар ва бошқалар иштирок этди.

Маълумотларга кўра, дунё бўйича турли соҳаларда бўладиган коррупция қиймати 2,6 триллион АҚШ долларини ташкил қилади ва у дунё ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизини ташкил қилади. Шундан 1,5 триллион АҚШ доллари пора кўринишида бўлади. Коррупция миллатни қашшоқликка бошловчи унсур бўлиб, унинг фоизи йилдан-йилга сезиларли даражада ортиб бормоқда. Унга қарши курашишда янги услублардан фойдаланиш давр талаби бўлиб қолмоқда.

Коррупцияга қарши кураш бўйича ҳукумат қилиши лозим бўлган ишлар хусусида БМТ Тараққиёт Дастури эксперти Аида Арутюнова QALAMPIR.UZ’га ўз фикрларини улашди:

“Коррупцияга қарши курашиш долзарб масала. Унга қарши курашишда масаланинг ҳуқуқий жиҳатларига эътибор қаратиш лозим. Бунда инсонларда ҳуқуқий маданиятни ошириш талаб этилади. Шу билан бирга, жамиятда қонунларнинг ижро механизми ишлаши керак. Бошқа тарафдан, ҳукумат коррупцияга йўл очиб берувчи ҳолатларга чек қўйиши даркор. Шунингдек, агар давлат ростан ҳам коррупция миқдорини сезиларли даражада камайтирмоқчи бўлса, фуқароларда унга нисбатан нафратни кўпайтириш керак. Буни амалга оширишда таълим тизимидан фойдаланиш зарур.

Ҳаттоки, бирор хизмат эвазига розилик билан совға бериш ҳам коррупциянинг бир кўриниши ҳисобланади. Кўпинча собиқ иттифоқ давлатлари ҳудудида бу ҳолатга оддий қаралади. Коррупция миқдорини минималлаштириш жараёнида совға бериш унинг бир кўриниши эканини янги авлодга тушунтириб бориш лозим”, дейди БМТ Тараққиёт Дастури эксперти.

У яна фуқаролар давлат томонидан шакллантирилаётган, сарфланаётган бюджет ҳақида бефарқ бўлмасдан доимий маълумотга эга бўлиб бориши, бошқа тарафдан бу маълумотлар фуқаролар эркин ола олиши учун очиқ бўлиши кераклиги ҳақида тушунтирди. Қонун чиқарувчи ҳокимият ҳам бунга шароит яратиб бериши лозим. Давлатда бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар бир-икки йилда натижа бермаслиги, бу нарса вақт талаб қилишини айтиб ўтди.

“Transparency international” ташкилотининг 2018 йил кўрсаткичларига кўра, Ўзбекистон баҳолаш мезонларида 100 баллдан 30 балл олиб 180 та давлат ичида 158-ўринни эгаллаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Коррупция Адлия вазирлиги БМТ Олий Мажлис Аида Арутюнова

Баҳолаганлар

22

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг