Сомалида жангарилар БМТ вертолётини қўлга киритди
Олам
−
11 Январь
3501Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг вертолёти техник носозлик туфайли Сомалининг марказидаги “Аш-Шабоб” радикал гуруҳи назорати остидаги қишлоққа қўнди. Бу ҳақда кеча, 10 январь куни "dpa" ахборот агентлиги хабар берди.
“Дастлабки маълумотларга кўра, жангарилар вертолёт бортида бир неча кишини гаровга олган ва мол-мулкини мусодара қилган”, дейди Сомалининг Хирон вилояти полицияси вакили.
Полиция маълумотларига кўра, вертолёт бортида саккиз киши, жумладан, олти нафар хорижлик бўлган, вертолётнинг ўзи эса тиббий буюмлар ва ҳарбий жиҳозлар билан тўлдирилган. Икки йўловчи қочишга муваффақ бўлган, бироқ қочишга уринаётганда бирига ўқ узилган. “Аш-Шабоб” қолган олти кишини гаровга олган.
БМТнинг ички ҳужжатида айтилишича, вертолёт Сомалининг марказий Галмудуг штатининг пойтахти Дусамаребдан 70 километр жануби-шарқда "фавқулодда қўнган". Галмудуг Ички хавфсизлик вазири Моҳамед Абди Аден Габубе AFP агентлигига вертолётнинг двигатели ишдан чиққани ва Синдҳир қишлоғи яқинида қулаганини айтган.
Нью-Йоркда журналистлар билан суҳбатлашган БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик БМТ томонидан Сомалида ижарага олинган вертолёт билан содир бўлган воқеани тасдиқлади. Ҳозирда вазиятни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар олиб борилмоқда. БМТ нотасида айтилишича, йўловчиларнинг ўғирланиши ҳақидаги хабарларни “мустақил равишда тасдиқлаш мумкин эмас”. Шунингдек, бортдаги одамлар БМТ ходимлари эмас, учинчи томон пудратчилари бўлгани ва “БМТнинг ҳудуддаги барча парвозлари кейинги огоҳлантиришгача вақтинча тўхтатилгани” айтилган.
“Аш-Шабоб” 2006 йилдан буён Сомали ҳукуматига қарши курашиб келади. У Сомалида 15 йилдан ортиқ фаолият юритиб келади. Сомали гуманитар ташкилотлар фаолияти учун дунёдаги энг хавфли жойлардан бири саналади.
LiveБарчаси