Солиқларни бўлиб тўлаш механизми жорий этилади
Жамият
−
03 Декабрь 2019
6178Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасида тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида пулли ёки бепул асосда, коллегиал органлар (Комиссиялар) иштирокисиз солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини тақдим этишнинг янги шаффоф механизми жорий этилмоқда. Айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари томонидан ушбу кодекс лойиҳаси юзасидан муҳокамалар қизғин паллага кирди.
Парламент қуйи палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳамда Давлат бюджети бошқармаси олдига Ҳукумат билан биргаликда лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳаза, таклифлар асосида, мутахассислар ва экспертлар иштирокида ҳар тарафлама муҳокама қилиб, маромига етказиш вазифаси қўйилган эди.
Мазкур топшириқ доирасида ишчи гуруҳ томонидан кодекс лойиҳаси ҳар томонлама ўрганилиши натижасида амалдаги солиқ кодексида солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти бўйича ваколат фақатгина алоҳида Комиссияга берилган эди. Бу эса, ўз навбатида, солиқларни тўлашни кечиктириш ҳуқуқини олиш учун солиқ тўловчиларга оворагарчилик ва ноқулайликлар келтириб, ортиқча қоғозбозлик талаб қилар эди. Шу сабабли, кейинги уч йил ичида солиқларни кечиктириш ҳуқуқидан ҳеч қайси тадбиркорлик субъекти фойдаланмаган.
Шунга кўра, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасида тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида пулли ёки бепул асосда, коллегиал органлар (Комиссиялар) иштирокисиз солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини тақдим этишнинг янги шаффоф механизми жорий этилмоқда.
Бунда, солиқларни бир вақтнинг ўзида тўлаш натижасида иқтисодий ночорлик (банкротлик) аломатлари юзага келиши хавфи бўлган, товарлар ва хизматларни ишлаб чиқариш ва сотиш мавсумий бўлган ҳолларда солиқларни тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти, қарздорлик суммасига Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида фоиз ҳисобланган ҳолда тақдим этилади.
Шаҳноза Тўрамуротова