Собиқ Президент Акаевга янги айблов қўйилди 

Олам 7668
image

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси мамлакатнинг собиқ Президенти Асқар Акаевга янги айблов қўйилганини маълум қилди. Тегишли хабар кеча, 21 декабрь куни эълон қилинди.  

“Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси “Қумтор” иши, жумладан Асқар Акаевга нисбатан тергов давом этаётгани ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишни зарур деб ҳисоблайди”, дейилади матбуот хизмати хабарида. 

Таъкидланишича, собиқ давлат раҳбарига 1992 йилда “Камеко” компанияси билан шартнома тузилгани ва 2003 йилда “Қумтор” лойиҳаси қайта тузилгани муносабати билан янги айблов қўйилган. 

Қайд этилишича, Акаев ушбу жиноятларни содир этишда ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, тергов билан фаол ҳамкорлик қилмоқда ва унинг мамлакатдан ташқарига чиқиб кетиши терговчи билан олдиндан келишилган. 

Эслатиб ўтамиз, собиқ Президентнинг сафдоши Бекболот Талгарбеков 20 декабрь куни Асқар Акаевга нисбатан жиноий таъқиб тугатилгани, унга қўйилган барча айбловлар олиб ташлангани ва сўровлар якунланганини айтганди. Шу муносабат билан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси “ёлғон маълумот тарқатишдан” тийилишга чақирган. 

Шунингдек, Асқар Акаевнинг ўзи ҳам Ватанида энди унга қарши даъволар йўқлигини ва унга қарши барча ишлар ёпилганини маълум қилганди. 

Маълумот ўрнида, Асқар Акаев Қирғизистонни 1991 йилдан 2005 йилгача бошқарган, у давлат тўнтариши натижасида лавозимидан четлатилган. У 2005 йилдан бери Россияда бўлиб, илмий фаолият билан шуғулланган. 2021 йилнинг июль ойида Акаев халқаро қидирувга берилган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 338
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×