Акаевнинг собиқ президент мақомини тиклаш сўрови рад этилди
Олам
−
25 Сентябрь
2611Қирғизистон парламенти республиканинг биринчи раҳбари Асқар Акаевнинг собиқ президент мақомини тиклашдан бош тортди. Бу ҳақда “Kaktus media” хабар берди.
Кеча, 24 сентябрь куни Қирғизистон парламентининг Конституциявий қонунчилик, давлат тузилиши, суд-ҳуқуқ масалалари ва регламенти қўмитаси парламентга Асқар Акаевнинг уни собиқ президент мақомига қайтариш бўйича илтимосини рад этишни тавсия қилган эди.
“Жогорку Кенеш ушбу қарорни қўллаб-қувватлади ва Асқар Акаевнинг вақтинчалик депутатлик комиссиясини тузиш ҳақидаги аризасини қаноатлантиришдан бош тортди”, дейилади хабарда.
Нашрнинг ёзишича, қарор кўпчилик овози билан қабул қилинган. 71 депутат мақомни тиклашни рад этиш учун овоз берган бўлса, атиги икки депутат буни маъқуллаган.
Маълумот учун, Қирғизистоннинг биринчи президенти, физик олим, академик Асқар Акаев мамлакат мустақилликка эришган пайтдан бошлаб 2005 йилгача унга раҳбарлик қилган. 2005 йил 24 мартдаги “Лолалар инқилоби” оқибатида ҳокимиятдан ағдарилган ва мамлакатни тарк этган. Шундан буён у Россияда яшайди.
Акаев раҳбарлиги мамлакатда коррупция, ҳокимиятни тортиб олиш, шунингдек, Жалолобод вилояти Ақси тумани Боспиек қишлоғида ўтказилган тинч митингда фуқароларга қарши қурол қўллагани билан ёдда қолган.
Бугунги кунда фақат Қирғизистоннинг олдинги раҳбарларидан Сооронбай Жээнбеков ва Роза Отунбоева собиқ президент мақомига эга. Қонунга кўра, собиқ президентлар умрбод суғурта, давлат хавфсизлиги, тиббий ёрдам, маош, давлат дачаларидан бири ва бошқа кўп нарсалардан бепул фойдалана олади.
Эслатиб ўтамиз, сентабр ойи бошида Асқар Акаев қонун чиқарувчи органга расмий хат йўллаб, собиқ президент мақомини қайтаришни сўраган эди. Бу мақом унга амалдаги раҳбар иш ҳақининг 75 фоизи миқдорида пенсия, умрбод давлат ҳимояси ҳуқуқи ва бошқа кўплаб имтиёзлар беради.
LiveБарчаси