Мақсад жиддий: янги партия тузмоқчи бўлган Отажонов Адлия вазирлигига келди
Жамият
−
26 Январь 2021
32371Аввалроқ собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўз номзодини қўймоқчи эканлиги ҳақида хабар берган эдик. У бугун, 26 январь куни янги “Халқ манфаатлари” демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш учун Адлия вазирлигига ташриф буюрди.
“Мана бугун “Халқ манфаатлари” демократик партиямизнинг қурултойини ўтказиш учун партиямиз ташаббускорлари билан Адлия вазирлигига ташриф буюрдик. Ишларимизни битириб чиқиб, яна сизлар билан хабарлашамиз”, дейди Жаҳонгир Отажонов ўз видеомурожаатида.
Вазиятга аниқлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ Адлия вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева билан боғланди. Унинг таъкидлашича, Жаҳонгир Отажонов янги партия тузиш мақсадида Адлия вазирлигига ҳақиқатан ҳам келган. Лекин партия тузишнинг ҳам ўзига яраша талаблари бор.
“Жаҳонгир Отажонов янги партия тузиш мақсадида Адлия вазирлигига ташриф буюрди. Лекин партия тузишнинг ҳам ўз талаблари бор. Қонунчиликка кўра, ушбу партияни камида 20 минг одам қўллаб-қувватлаб, имзолаши керак. Унинг мурожаати ўрганиб чиқилади ва жамоатчиликка алоҳида маълумот тақдим этилади”, дейди Ўринбоева.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Отажонов ўзининг иккинчи мурожаатида Президентларнинг люкс саройларда яшаши тарафдори эмаслигини таъкидлаганди.
“Яна айтаман: Президент бўлиш бу бахт эмас. Президент – бу худди “колхоз”нинг раиси эмас, давлатнинг раиси. Президент ўз фуқароларининг эркинлигини таъминлай оладиган, Конституцияни тан оладиган бўлиши керак. Президентлик йўлларни ёпиб қўйиб ишга бориб келиш эмас. Барча Президентлар шунақа: люкс автомобилларда юради, люкс саройларда яшайди. Балки, бу стандартдир, мен бу нарсани билмайман ва тарафдори ҳам эмасман. Менинг халққа хизмат қилиш ниятим бор. Чунки кўряпмиз, бази ҳудудларда халқимиз қийналиб яшаяпти. Балки, мен ҳам Президент бўлиб ҳамманинг ҳаётини яхшилашга улгурмасман, лекин менинг ниятим шу”, деганди Отажонов.
Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллаб, унда Президентдан ўзини туман ҳокими қилиб тайинлашни сўраганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь