Жаҳонгир Отажонов энди Мирзиёевга мурожаат йўллади. Унинг муддаоси нима?
Жамият
−
22 Январь 2021
73446Собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллади. У мурожаатида Президентдан ўзини туман ҳокими қилиб тайинлашни сўраган.
“Андижонда 16 нафар ўғил-қизлар ҳокимлик вазифасини бажаришни бошлади, деган хушхабар эшитдим. Шу фурсатдан фойдаланиб, мен Президентимиз Шавкат Миромоновичга ўзимнинг илтимосимни, мурожаатимни йўлламоқчиман. Аминманки, сиз бу видеони кўрасиз. Илтимосим шундан иборатки, 16 нафар ўғил-қиз ҳокимлик вазифасини бажараётган экан, ўн еттинчиси қилиб мени ҳам тайинласангиз. Қайсидир энг кичик, илм-фан, маданий, маънавий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ривожланиш бўйича энг паст кўрсаткичли, оғир шароитдаги туманга тайинласангиз ҳам жонимни қурбон қилиб, Аллоҳни, сизни ва халқимизни олдида ўзимни уялтирмаслик учун хизмат қилишга тайёрман", дейди Отажонов Президентга мурожаатида.
Отажонов бирор оғир шароитдаги туман ҳокимлигига тайинланса, халқ билан бирга ишлаб, аҳволни яхшилаш учун XXI асрда нима қилиш мумкин бўлса, ўша ишларни бажаришга ҳаракат қилишини айтиб ўтган.
“Бирор яшаш шароити жуда оғир бўлган туманга раис қилиб тайинлашингизни сўрардим. Туман ҳокими фойдаланиши мумкин бўлган ҳар қанча қулайлик бўлса, ҳаммасидан воз кечаман. Менга ҳеч нарса керак эмас, ўзимнинг машинам, ўзимни маблағларим билан ҳаттоки, яшашга шароит бўлмаса, ҳар куни уша туман аҳолисининг хонадонида – бир кун у ерда, бир кун бу ерда қолиб бўлса ҳам шу ишларни қилишга тайёрман. Чунки ишончим комил. Бу ишлар қўлимдан келади.
Келажакда Президент бўлиш ниятим борлигини айтганимда менинг устимдан кулиб, “сиз аскиячисиз, масхарабозсиз”, деган гапларнинг нотўғрилигини исботлаш, қолаверса, келажакда Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги энг зўр давлат қилиш учун, ҳозир қилинаётган ишларни ва сизнинг Президентлик муддатингиз тугаганидан кейин ишларингизни давом эттириш имкониятим бўлиши учун фаолиятимни энг ривожланмаган тумандан бошлашимга шароит яратиб беришингизни илтимос қиламан”, деган Отажонов.
Аввалроқ, собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов жорий йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган президентлик сайловида номзодини қўймоқчи эканлиги ҳақида хабар берган эдик. Ижтимоий тармоқларда кўпчилик фойдаланувчилар Жаҳонгир Отажоновнинг мурожаатини ҳазилга йўйди ва “пиар” сифатида қабул қилди. Бунинг ортидан у Президент бўлиш нияти жиддий эканини таъкидлаб, ўзининг шу мавзудаги иккинчи видеомурожаатини қолдирди. У иккинчи мурожаатида давлат раҳбарининг саройларда яшашига қарши эканини айтиб ўтган.