“Мен Президентларнинг люкс саройларда яшаши тарафдори эмасман”. Собиқ “ҳопиз” яна бир мурожаат қолдирди
Жамият
−
22 Январь 2021
71347Аввалроқ собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов Ўзбекистон президентлигига ўз номзодини қўймоқчи эканлиги ҳақида хабар берган эдик. Ижтимоий тармоқларда кўпчилик фойдаланувчилар Жаҳонгир Отажонов тақдим этган мурожаатни ҳазил ва “пиар” сифатида баҳолади. Шундан сўнг, у Президент бўлиш нияти жиддий эканини таъкидлаб, ўзининг шу мавзудаги иккинчи видеомурожаатини қолдирди.
Жаҳонгир Отажонов ўз видеомурожаатида Президент бўлиш бахт эмаслигини таъкидлаб, ушбу лавозимни дўзахга қиёслаган.
“Менинг тарафдорларим ҳам бор. Президент бўлиш бу бахт эмас. Президент бўлиш – бу дўзах. Нега дўзах? Чунки, бу нарсани жавобгарлиги бор. Бир давлатнинг Президенти бўлган одам, ўша давлатда қанча одам бўлса, уларнинг ҳар бири нимага ҳақлилигини билмагани учун қанчалик жавоб беришини тасаввур қила олмайсизлар. Мен куним ўтмаётганидан ёки артистлик учун Президент бўлмоқчи эмасман. Мен Ўзбекистонни Ўрта Осиёда ҳар битта масалада энг зўр давлат қилиш ниятим бор”, дейди у.
Собиқ ҳофиз сўзида давом этар экан, президентлик йўлларни ёпиб қўйиб ишга бориб келиш эмаслигини айтиб, уни “колхоз”нинг раисига ўхшатди.
“Яна айтаман: Президент бўлиш бу бахт эмас. Президент – бу худди “колхоз”нинг раиси эмас, давлатнинг раиси. Президент ўз фуқароларининг эркинлигини таъминлай оладиган, Конституцияни тан оладиган бўлиши керак. Президентлик йўлларни ёпиб қўйиб ишга бориб келиш эмас. Барча Президентлар шунақа: люкс автомобилларда юради, люкс саройларда яшайди. Балки, бу стандартдир, мен бу нарсани билмайман ва тарафдори ҳам эмасман. Менинг халққа хизмат қилиш ниятим бор. Чунки кўряпмиз, бази ҳудудларда халқимиз қийналиб яшаяпти. Балки, мен ҳам Президент бўлиб ҳамманинг ҳаётини яхшилашга улгурмасман, лекин менинг ниятим шу”, дейди Отажонов.
Шунингдек, у ўзи хоҳлаган Президент қандай бўлиши кераклигини айтиб, партия тузишини ва президентликка номзодини қўйишини жиддий таъкидлаган.
“Мен хоҳлаган Президент қандай бўлиши кераклигини мен ўзим яхши биламан. У шундай бўлиши керакки, қийин шароитда яшаётган фуқародан яхши яшашни хоҳламаслиги керак. Мен Президент бўлсам, шундай бўламан. Яъни ўзим яхши яшашим учун ўша қийин шароитда яшаётган одамнинг ҳаётини яхшилашим керак бўлади. Менинг ниятим жиддий. Мен партия тузаман ва президентликка номзодимни қўяман”, дейди собиқ ҳофиз.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади. Президентни сайлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонуни билан белгиланади.
LiveБарчаси