Мактаб бозори қанчага тушади?
Жамият
−
20 Август
7273Мактаб мавсуми бошлангани сабаб барча ота-оналарни бир хил – фарзандимга ўқув қуроллари ва мактаб формаси олиб беришим керак, деган ташвиш ўйлантирмоқда. Хўш, асли бозорларда нархлар қандай? Одамларнинг олаётган ойлиги болаларининг мактаб бозорига етяптими? QALAMPIR.UZ шундай саволлар билан бозорга келган ота-оналарга юзланди.
Респондентларнинг кўпчилиги бозорлардаги нарх-наво маошларга нисбатан анча баланд, деб ҳисоблайди.
“Синглим билан келдик. У ўзи 1 млн 500 минг сўм ойлик олади. Лекин битта бола учун мактаб бозорининг ўзига аллақачон 1 млн 800 минг сўм ишлатди. Ҳали яна битта боласи бор”, дейди сўровнома иштирокчиларидан бири.
Бошқа бир респондент эса узоқ йўл босиб арзонроқ бўлгани учун шу бозорга келганини, аммо бу ерда ҳам нархлар баланд эканлигини кўриб, ҳафсаласи пир бўлганини айтди.
“Ойликлар, пенсиялар кам. Ҳамма нарсадан қисиб-қисиб, қарз олиб қилсангиз, етади. Кейин қарзларни узасиз”, деб фикр билдирди бошқа бир иштирокчи.
Яна бир респондент нархлар арзон дейилгани билан, агар фақат битта ўзини сотиб олсангиз, 1000 сўмлик дафтарни 3000 сўмга сотишаётганидан шикоят қилди.
Шунингдек, сўровномада иштирок этган фуқаролар орасида олаётган маошлар етарли, нархлар ҳам анча арзон, деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор. Уларнинг сўзларига кўра, битта боланинг мактаб ўқув қуроллари учун ўртача 200-300 минг сўм сарфланади. Мактаб формасининг ўзи ҳам бир миллион сўмдан ошмоқда.
“Менинг қизим катта синфда ўқийди. 3 млн сўм сарфладик. Лекин 3 млн ойлик олмайман. Кийимлар ниҳоятда қиммат”, дейди респондентлардан бири.
Шунингдек, QALAMPIR.UZ битта бола учун олиниши керак бўлган ўқув қуролларини энг минимал нархда ҳисоблатди. Натижаларга кўра, барча энг керакли маҳсулотларни олиш учун камида 150 минг сўм керак бўлиши аниқланди. Аммо ҳамма жойда нарх-наво ҳар хил эканлигини ҳам инобатга олиш зарур.
Сиз-чи? Фарзандларингизнинг мактаб бозори учун қанча харажат қилдингиз? Сизнинг ҳудудингизда нарх-наво қандай? Изоҳларда ёзиб қолдиринг. QALAMPIR.UZ’ни кузатишда давом этинг.
LiveБарчаси