Скалони Аргентина билан шартномасини узайтиради
Спорт
−
15:23 229 1 дақиқа
Аргентина футбол ассоциацияси (АФА) миллий терма жамоа бош мураббийи Лионель Скалони билан шартномани 2030 йилгача узайтиришга келишди. Бу ҳақда журналист Фабрицио Романо маълум қилди.
Манбага кўра, томонлар оғзаки келишувга эришган. Унга мувофиқ, 48 ёшли мутахассис Аргентина терма жамоасини 2030 йилги жаҳон чемпионати якунига қадар бошқариши кутилмоқда.
Аввалроқ, 2026 йилги Жаҳон чемпионатидан кейин Скалони лавозимини тарк этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Жорий йилнинг сентябрь ойида ОАВ мутахассис АФА президенти Клаудио Тапиага эҳтимолий истеъфоси ҳақида маълум қилганини ёзди.
Шунингдек, ассоциация мураббийни жамоада қолишга кўндиришга ҳаракат қилаётгани айтилган. Скалонининг амалдаги шартномаси 2026 йил охиригача мўлжалланган.
Маълумот учун, Скалони 2018 йилдан буён Аргентина терма жамоасини бошқариб келмоқда. Унинг қўл остида жамоа 2021 ва 2024 йилларда Америка кубоги, 2022 йилда жаҳон чемпионати ҳамда Финалиссимада ғолиб чиққан.
Live
Барчаси