Куртуа фаолиятини қайси клубда якунламоқчи эканини айтди
Спорт
−
424 1 дақиқа
“Реал Мадрид” дарвозабони Тибо Куртуа фаолиятини “қироллик клуби”да якунлаш истаги борлигини маълум қилди. Бу ҳақда Куртуа Мадрид клуби расмий сайтига берган интервьюсида сўз очди.
Жорий йилнинг 20 ноябрь куни “Реал Мадрид” 34 ёшли бельгиялик дарвозабон билан шартномани 2028 йил 30 июнга қадар узайтирганини эълон қилди.
“Шартномамни яна бир йилга узайтира олганимдан жуда хурсандман ва буни катта шараф деб биламан. Мақсадим – фаолиятимни шу ерда якунлаш. Клуб менга ишонаётганидан мамнунман. Ҳозирги форматда Чемпионлар лигасида ғолиб чиқиш қийинроқ. Бу мусобақада икки марта ғалаба қозонганимдан хурсандман, аммо биз совринларни қўлга киритишда давом этишни истаймиз”, дейди Куртуа.
Маълумот учун, Куртуа 2018 йилдан буён “Реал Мадрид” сафида тўп сурмоқда. У клуб таркибида 348 та учрашувда майдонга тушиб, 13 та совринни қўлга киритган. Улар орасида Чемпионлар лигасининг 2 ва Испания чемпионатининг 3 та ғолиблиги бор. 2022 йилда бельгиялик дарвозабон Парижда ўтказилган Чемпионлар лигаси финалининг энг яхши футболчиси деб топилган.
Live
Барчаси