Сизни журналистмас, ўртакаш десам жаҳлингиз чиқадими? – Абдуқаҳҳоров

Маданият-санъат

Маълумки, охирги 3-4 кун ичида санъаткорларнинг хайрия қилиши масаласи ижтимоий тармоқларда долзарб мавзу бўлиб турибди. Аввалига журналист Шерзод Қудратхўжаев эфир орқали таъна ва дашномга тўла мактубни ўқиб эшиттирди. Унда санъаткорларга отарчи тамғаси ёпиштирилиб, улар хайрия қилмаётганликда айбланганди. 

Бутун дунё, жумладан Ўзбекистон халқи бошига келган оғир кунларда савиясизларча майда нарсалар билан ўралашиш, бировнинг чўнтагига мўралашни кўпчилик ёқламади. Бу орада “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси санъаткорлар 352 миллион сўмлик хайрияни амалга оширганини айтиб чиқди. Ўтган вақт оралиғида эса бу хайриялар 1 миллиарддан ошди.

Қудратхўжаев олиб борган кўрсатувда санъаткорларга нисбатан “отарчи” тамғаси ишлатилган эди. Кеча, 4 апрель куни “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров “Ўзбекистон 24” телерадиоканалида чиқиш қилиб, “отарчи” тамғасига нисбатан кескин муносабат билдирди. 

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси бу санъаткорларнинг лицензиясини олиш ёки жазолаш билан шуғулланадиган ташкилот эмас. “Ўзбекконцерт” ДМ бугунги кунда мамлакатимизда концерт фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва санъаткорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот. Мен буни бежиз айтмаяпман. Ўрта Осиёда фақат Ўзбекистонда санъаткорларнинг фаолияти қонунийлаштирилган бўлиб, улар санъаткор бўлгани учун лицензия олиб фаолият юритади. Ўзбекистонда отарчи деган тушунча йўқ. Минг афсуски, айрим зиёлиларимиз, таниқли кишиларимиз ёки фан арбобларимиз томонидан эфирда, ижтимоий тармоқларда санъаткорларга нисбатан отарчи деб муносабат билдирилиши ижтимоий тармоқларда тирноқ ичидан кир қидирадиган айрим фуқароларимизга қўл келиб, санъаткорлар устидан турли ҳақоратларнинг ишлатилиши ва санъаткорлар орасида норозилик келиб чиқишига сабаб бўлди. Бу ҳолат уларни ранжитди. 

Оддий мисол, Дилшод ака (эфир бошловчиси Дилшод Назировга юзланиб) сиз журналистсиз, бошловчисиз. Мен сизни ўртакаш, десам жаҳлингиз чиқадими? Албатта, жаҳлингиз чиқади. Санъаткор ҳам бу даражага чиқиш учун жуда кўп машаққатли йўлларни босиб ўтган”, дейди Абдуқаҳҳоров жиддий оҳангда. 

Қайд этилишича, Маданият вазирлиги ҳузуридаги барча ташкилотлар ходимларининг бир кунлик иш ҳақиси ва санъаткорлар томонидан “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига 1 миллиард 700 миллион сўмдан ортиқ маблағ ўтказиб берилган. 

“Бундан 3-4 ой аввал ижтимоий тармоқларда тиббиёт ходимларини кимдир ураётгани ёки ҳақоратлаётгани видеоларини кўраётгандик. Яратганнинг инояти билан биз тиббиёт ходимларининг ёрдамига муҳтож бўлиб қолдик. Улар бугунги кунимизнинг қаҳрамонлари. Биз ана шу бўлаётган воқеалардан ҳам ўзимизга тўғри хулоса чиқарсак яхши бўларди. 

Карантин вақтида айрим соҳа вакиллари форс мажор ҳолатида ишлаяпти. Лекин санъаткорларимиз доимий равишда форс мажор ҳолатида юради. Улар доимий равишда халқимиз хизматида бўлади”, дейди “Ўзбекконцерт” директори. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекконцерт Одилжон Абдуқаҳҳоров Шерзод Қудратхўжаев

Баҳолаганлар

1066

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made