Сиздан угина, биздан бугина. Байден Эрдўғанга F-16 лар учун шарт қўйдими?

Олам 11502
image

АҚШ Президенти Жо Байден Анқарага F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш борасида Туркияга, хусусан Греция борасида ҳеч қандай шарт қўймади. Бу ҳақда Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўған “Остона учлиги” саммитида иштирок этиб, Теҳрондан қайтгач, журналистларга маълум қилди. 

“Байден билан бу масалаларни муҳокама қилар эканмиз, у Греция борасида ҳеч қандай шарт қўймади. Аксинча, узоқ давом этган учрашувимизда биз НАТО аъзолари сифатида бир-биримизнинг қонунларимизни ҳурмат қилишимиз кераклигини айтдик. Кейин Байден F-16 масаласида келишувни амалга ошириш учун қўлидан келганини қилишини маълум қилди”, дейди Эрдўған. 

Унинг сўзларига кўра, АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида кам бўлса-да, Туркия билан келишувга қарши чиқувчилар бор. 

15 июль куни АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси мамлакат мудофаа бюджетига F-16 қирувчи самолётларини Туркияга топшириш талабларини кучайтирувчи тузатишни маъқуллади. 

Демократ Крис Паппас томонидан таклиф қилинган тузатиш АҚШ маъмуриятига Туркияга янги F-16  самолётларини сотиш ёки ёки уларни модернизация қилиш учун бутловчи қисмларни экспорт қилишни, Президент Конгрессга технологиянинг бундай трансфери Қўшма Штатларнинг миллий манфаатларига мос келишини тасдиқламагунча, тақиқлайди.

Бундан ташқари, маъмурият F-16 самолётларининг Туркия томонидан Греция ҳудуди устидан қайта-қайта рухсатсиз парвозлар учун фойдаланилмаслигини таъминлаш учун кўрилган чораларнинг батафсил тавсифини тақдим этиши керак бўлади.

Туркия аввалроқ АҚШдан 40 та F-16 Block 70 русумли қирувчи самолёт ва 80 та Block 70 русумидаги самолётларни янгилаш тўпламини сўраган эди. 

Анқарада F-16 сотиб олиш истаги Россиянинг С-400 ҳаво мудофаа тизимларини сотиб олиши муносабати билан бешинчи авлод F-35 қирувчи самолётларини ишлаб чиқариш бўйича Америка дастуридан чиқарилганидан кейин эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз,  29 июнь куни АҚШ Президенти Жо Байден Мадридда ўтган НАТО саммитидан сўнг Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашди ва суҳбат давомида АҚШ Туркияга F-16 қирувчиларини етказиб бериши ва модеренизациясини йўлга қўйишини, бу ҳақидаги ҳужжатни Конгресс тезроқ маъқуллашига таъсир кўрсатишини ваъда қилди. 

АҚШ Мудофаа вазирининг ташқи ишлар бўйича ёрдамчиси Селест Уолландернинг айтшича, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилиши бўйича ўзининг вето қўйиш таҳдидини бекор қилишга рози бўлгач, АҚШнинг Туркияга нисбатан позицияси ҳам ўзгарган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 126
Рейтинг: 3
t
×