Сирдарёда нарколаборатория ташкил қилган “кимёгар” ушланди (видео)
3-саҳифа
−
23 Январь 3066 3 дақиқа
Сирдарё ва Тошкент вилоятида гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Гулистон шаҳрида ҳаракатланаётган 2002 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс бошқарувидаги Gentra русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, ҳайдовчининг уяли телефонидан кучли таъсир қилувчи дори воситаларига оид маълумотлар олинган.
Тезкор суриштирув тадбирлари натижасида, у 2025 йилнинг декабрь ойидан буён Telegram мессенжеридаги тегишли каналларда бир вақтнинг ўзида “кладмен” ва “кимёгар” лавозимларида ишлаб келгани ҳамда Гулистон шаҳрида нарколаборатория ташкил қилгани аниқланган.
Ушбу манзилдан тахминий чакана нархи 1,8 млрд сўмга тенг бўлган 2 кг 787 гр “Прегабалин”, капсула кўринишидаги 1900 дона “Прегабалин” ва 150 дона “Тропикамид” ҳамда 1 литр “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда уларни тайёрлашда фойдаланиладиган турли анжомлар расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракаталари олиб борилмоқда.
ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1983, 1988 ва 1998 йилларда туғилган 3 нафар шахс 36 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситасини шартли харидорга 3 млн сўмга сотган вақтларида ушланган. Шунингдек, уларга тегишли Spark русумли автомашинадан 108 дона “Регапен” ва 89 дона “Зардекс” дорилари ҳам олинган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, улардан бири томонидан Юнусобод туманида ижарага олинган хонадондан ҳам келгусида сотиш мақсадида сақлаб келинаётган 7784 дона “Регапен” ва 200 дона “Зардекс” дорилари олинган.
Дастлабки суриштирув давомида, уларни бу турдаги дори воситалари билан Қўқон шаҳрида яшовчи, 1994 йилда туғилган фуқаро таъминлаб келгани аниқланиб, Қирғиз Республикасидан контрабанда қилинган 5000 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини пойтахтга олиб келган вақтида, у ҳам ушланган.
Тезкор тадбирлар натижасида жами 13217 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг савдосига чек қўйилган.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятига 1,3 млрд сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб кирган шахс ушланганди.
Live
Барчаси