Си Цзиньпин Путиннинг таклифини рад этди
Олам
−
05 Июль 2022
22930Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан Россияга ташриф буюришдан бош тортди. Бунга коронавирус чекловлари сабаб бўлди. Бу ҳақда Япониянинг “Yomiuri” газетаси ўзининг дипломатик манбаларига таяниб хабар бермоқда.
Маълумотга кўра, жорий йилнинг 15 июнь куни Си Цзиньпин билан телефон суҳбати чоғида Путин уни Россияга таклиф қилган, бироқ Хитой раҳбари яқин орада Россияга келиш “қийин” бўлишини айтган ва рад этган.
Россия ва Хитой раҳбарлари жорий йилнинг 4 февраль куни Пекинда Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши арафасида учрашган. Нашр маълумотига кўра, Россияга “дипломатик маросимлар” доирасида ташриф буюриш навбати Хитой ятакчисига келган.
Си Цзиньпин коммунистик партия қурултойида нафақат ички муҳитни, балки ташқи муҳитни ҳам барқарорлаштиришга ҳаракат қилаётганини билдирди. Шунингдек, у иқтисодий санкциялар туфайли Россияга босимни ошираётган АҚШ ва Европа билан зиддиятни чуқурлаштирмоқчи эмас.
Маълумот учун, Хитой ҳозирча Россия ва Украина урушида бетараф позицияни эгаллаб турибди. Си Цзиньпин 15 июнь куни Путин билан Украинадаги вазиятни муҳокама қилиб, Хитой “дунё тинчлиги тарафдори” эканини айтди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 июнь куни Мадридда НАТО давлатларининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Унда альянснинг 2030 йилгача бўлган концепцияси қабул қилинди. Ҳужжатда Россия НАТО хавфсизлигига "энг асосий ва тўғридан-тўғри" таҳдид деб айтилди. Бундан ташқари, блок Хитойга қарши туриш, Осиё-Тинч океани минтақаси ва постсовет ҳудудида ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, ўзининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ниятида экани айтилди.
Муҳайёхон Ҳабибуллаева