Си Цзиньпин Москвадан тантана билан кузатиб қўйилди
Олам
−
22 Март 2023
7818ХХР раиси Си Цзиньпин бугун, 22 март куни эрталаб Москвага давлат ташрифини якунлаб, Россияни тарк этди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Раис ҳайъати Хитой раҳбарининг россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан юзма-юз ва кенг делегациялар таркибидаги икки кунлик музокаралар дастури якунида пойтахтнинг “Внуково-2” аэропортидан жўнаб кетди. Россия 10 март куни Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши (парламент) томонидан учинчи муддатга қайта сайланганидан кейин Си Цзиньпин ташриф буюрган биринчи давлат бўлди.
Хитой раҳбарининг жўнаб кетиши муносабати билан аэропортда тантанали маросим бўлиб ўтди. Хитой ва Россия давлат байроқлари кўтарилиб, икки давлат мадҳиялари янгради. Хитой раҳбари ҳарбий оркестрнинг мусиқий жўрлигида қизил гилам йўлагидан ўтди. Си Цзиньпинни самолёт зинапоясида Россия Бош вазири ўринбосари Дмитрий Чернишенко, Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Си Цзиньпиннинг Россияга давлат ташрифи 20 март куни бошланди. Путин билан норасмий учрашувда Хитой раҳбари россиялик ҳамкасбини 2023 йилда Хитойга ташриф буюришни таклиф қилди. Олий даражадаги музокаралар якунида Россия Федерацияси ва Хитойнинг янги даврга қадам қўяётган ҳар томонлама шериклик ва стратегик ҳамкорлик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёноти эълон қилинди.