Си қария Киссинжер АҚШ-Хитой муносабатларини яхшилашидан умидвор
Олам
−
20 Июль 2023
4066Хитой Раиси Си Цзиньпин бугун, 20 июль куни Пекиндаги Дяоюйтай давлат саройида АҚШнинг собиқ давлат котиби Генри Киссинжер билан учрашди. Си америкалик қария сиёсатчининг ярим аср олдин самара берган, Хитой-АҚШ муносабатларини нормаллаштиришдаги муҳим вазифасини давом эттиришига умид билдирди. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида маълум қилинган.
Суҳбатда Си Цзиньпин 52 йил аввал Хитой-Америка муносабатларидаги бурилиш нуқтаси ҳақида гапирган.
“Раис Мао Цзэдун, Хитой Бош вазири Чжоу Эньлай, Президент Никсон ва шахсан сиз ажойиб стратегик қарашга эга бўлиб, Хитой-АҚШ ҳамкорлиги учун тўғри танлов қилдингиз. Икки давлат муносабатларини нормаллаштириш жараёнини бошлаб бердингиз. Бу икки томонга ҳам фойда келтирди ва дунёни ўзгартириб юборди”, деган Си Цзиньпин.
Шунингдек, у Киссинжер яқинда 100 ёшга тўлганини ва Хитойга 100 мартадан ортиқ ташриф буюрганини айтиб ўтган. Си Цзиньпин Хитой “эски дўстлари”ни, хусусан, Киссинжернинг Пекин-Вашингтон муносабатларига қўшган ҳиссасини унутмаслигини таъкидлаган.
"Хитой ва Қўшма Штатлар қайси йўлдан боришини билмай, яна чорраҳада қолди. Томонлар яна танлов қилиши керак. Икки давлат келажакда албатта биргаликда муваффақият ва фаровонликка эришиши мумкин, асосийси – ўзаро ҳурмат, тинч-тотув яшаш ва манфаатли ҳамкорлик тамойилларига амал қилиш”, дейди Хитой раҳбари.
Унинг қўшимча қилишича, Хитой икки томонлама муносабатлар барқарор ривожланиши учун АҚШ билан ҳамкорлик йўлларини излашга тайёр.
"Умид қиламанки, сиз ва Қўшма Штатлардаги бошқа ақлли одамлар Хитой-АҚШ муносабатларини қайта тиклашга ёрдам беради", дея хулоса қилган Си Цзиньпин.
Маълумот учун, Генри Киссинжер президентлар Ричард Никсон ва Жеральд Форд маъмуриятларида АҚШ давлат котиби ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаган. У ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Вашингтон ва Пекин ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришда муҳим роль ўйнаган. Хусусан, унинг саъй-ҳаракатлари билан 1972 йилда Америка Президенти Ричард Никсон Хитойга биринчи марта ташриф буюрган. У лавозимидан кетганидан сўнг ҳам Хитойга мунтазам тарзда бориб турган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Давлат департаменти Киссинжер Хитойга Вашингтоннинг топшириғи билан эмас, ўз ташаббуси билан борганини маълум қилганди. Сафар давомида АҚШнинг собиқ давлат котиби Пекинда Хитой Мудофаа вазири Ли Шанфу ва Хитой Коммунистик партияси марказий қўмитаси ташқи ишлар комиссияси девонхонаси раҳбари Ван И билан ҳам учрашди.
LiveБарчаси