100 ёшли Киссинжер кутилмаганда Хитойга борди

Олам

image

Бугун, 19 июль куни АҚШ собиқ давлат котиби Генри Киссинжер Пекинда Хитой Коммунистик партияси марказий қўмитаси ташқи ишлар комиссияси девонхонаси раҳбари Ван И билан кўришди. Учрашувда Ван И Қўшма Штатлар Хитойга нисбатан сиёсатида "Киссинжер услубидаги дипломатик доноликка" муҳтож эканини айтди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди. 

Қайд этилишича, Вашингтон ҳозирда 100 ёшни қаршилаган Генри Киссинжернинг Хитойга ташрифидан хабардор эканини айтган бўлсада, у АҚШ ҳукумати номидан иш тутмаяпти.

Учрашувда Ван И Киссинжерни "эски дўст" деб атаган ва уни икки мамлакат ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашда "беқиёс роль" ўйнагани учун мақтаган.

"АҚШнинг Хитойга нисбатан сиёсати Киссинжер услубидаги дипломатик доноликни ва Никсон услубидаги сиёсий жасоратни талаб қилади", дея Ван Ининг учрашувдаги сўзларидан иқтибос келтирган Хитой Ташқи ишлар вазирлиги.

Айтиш жоизки, Хитой-АҚШ алоқаларини бир қатор муаммолар, хусусан, Хитойнинг Россия билан ҳамкорлиги, Тайванга қиладиган ҳудудий даъвоси ва АҚШнинг илғор технологиялар бўйича савдони чеклашга қаратилган чақириқлари кескинлаштиради.

Ван И Киссинжерга Хитойни ислоҳ қилишга уриниш, уни ўраб олиш ва ушлаб туриш имконсиз эканини айтган. Тайвань масаласида агар Қўшма Штатлар орол атрофида барқарорликка умид қилса, "Тайвань мустақиллиги бўйича сепаратистик ҳаракатлар"дан узоқлашиши кераклигини таъкидлаган.

Кеча, 18 июль куни Киссинжер Хитой Мудофаа вазири Ли Шанфу билан ҳам учрашган.

Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг март ойида лавозимга тайинланган Ли Шанфу 2017 йилда Россиядан қурол сотиб олгани учун АҚШ санкциялари остида қолмоқда. Хитой эса музокараларни осонлаштириш учун санкцияларни олиб ташлашни хоҳлайди.

Маълумот учун, Генри Киссинжер президентлар Ричард Никсон ва Жеральд Форд маъмуриятларида АҚШ давлат котиби ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаган. У ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Вашингтон ва Пекин ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришда муҳим рол ўйнаган ва лавозимидан кетганидан сўнг ҳам Хитойга мунтазам тарзда бориб турган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШнинг юқори мартабали амалдорлари, жумладан, Давлат котиби Энтони Блинкен ва Молия вазири Жанет Йеллен икки қудратли давлат ўртасидаги алоқаларни барқарорлаштириш мақсадида Хитойга борган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Хитой Киссинжер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг