Швейцарияда Усмоновга тегишли активларнинг бир қисми блокдан чиқарилди
Олам
−
20 Январь
2110Швейцария Иқтисодий масалалар бўйича давлат котибияти (SECO) аввал Алишер Усмонов билан боғлиқ бўлган трастларнинг Credit Suisse банкидаги ҳисобидан 6,5 миллион евродан ортиқ маблағни блокдан чиқарди. Ушбу маблағлар бошқа юрисдикцияларда мол-мулкни сақлаш билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун ишлатилади. Бу ҳақда “Tages-Anzeiger” нашри хабар берди.
Усмоновнинг адвокати нашр билан суҳбатда маблағларни сақлаш харажатлари учун ечилган мулклар тадбиркор ёки унинг опасига эмас, балки “кўп йиллар олдин” Усмонов томонидан ташкил этилган трастларга тегишли эканини тушунтирган. SЕCО қарорида бу трастларни Усмонов ёки унинг опаси тўғридан тўғри ёки билвосита назорат қилиши айтилган.
Нашрнинг тушунтиришича, SЕCО истисно ҳолатларда активларни блокдан чиқариши мумкин. Масалан, агар чекловларга тушган шахслар оғир молиявий аҳволга тушганини билдирса ёки маблағлар эски шартномаларни бажариш учун зарурлигини исботласа.
“2022 йилда Усмонов ёки унинг опаси билан боғлиқ бир нечта компаниялар манфаатларини ифодаловчи Женева траст компанияси SECO‘га Credit Suisse ҳисобидаги маблағларни блокдан чиқариш ҳақида аризалар берган”, деб ёзади нашр.
Мазкур маблағлар Франциядаги иккита вертолёт ва Англиядаги кўчмас мулкни сақлаш харажатлари бўйича шартномалар асосида тўловларни амалга ошириш учун сўралган. SЕCО бу қарорни шартномалар санкциялар жорий этилишидан олдин тузилгани ва тўловларнинг кечикиши активлар қийматининг йўқолишига олиб келиши мумкинлиги билан изоҳлаган.
Франция жанубидаги Ле-Кастелле аэродромида жойлашган қиймати 13 миллион ва 16 миллион доллар бўлган вертолётлар учун хизмат кўрсатиш ва ангар сақлаш бўйича шартномалар доирасида бир нечта тўловлар талаб қилинган. Женева трасти ишончли вакилларининг билдиришича, маҳаллий компания аллақачон вертолётлардан бирини мусодара қилиш бўйича суд жараёнини бошлаган. Ушбу тўловларни амалга ошириш учун SЕCО қарийб 2,5 миллион еврони блокдан чиқарган. Шунингдек, вертолётларни сақлаш харажатлари учун ойлик тахминан 54 минг евро миқдоридаги тўловлар тасдиқланган.
Буюк Британиядаги қасрни сақлаш харажатлари учун Швейцария идораси тахминан 4,2 миллион еврони блокдан чиқарган. Маълумотларга кўра, бир нечта қурилиш компаниялари яқин вақт ичида тўловларни олмаса, банкротликка учраши мумкин. Шунингдек, SЕCО “санкциялардан ҳимоя қилиш” ёки “суд муҳокамаларида вакиллик” учун ишлатилиш шарти билан келажакдаги адвокатлар учун гонорарларни тўлаш учун маблағларни ажратишга қарор қилган.
“Tages-Anzeiger” SЕCО маълумотларига асосланиб, 2024 йил баҳоригача идора маблағларни блокдан чиқариш бўйича 300 дан ортиқ ариза олганини ва уларнинг “катта қисмини” маъқуллаганини ёзади. Санкциялар остида қолган россияликлар блокланган ҳисобларда сақланган 76-87 миллион доллар маблағларга эга бўлиш имкониятини қўлга киритган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германияда миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан пул ювиш иши ёпилгани хабар қилинганди. Франкфурт-Майн Бош прокуратурасига кўра, 71 ёшли тадбиркорга нисбатан иш 2024 йил 11 октябрь куни мамлакатнинг Жиноят-процессуал кодексининг 153-моддаси “а” бандига биноан ёпилган. Ушбу бандга кўра, тергов қилинаётган шахс томонидан айрим шартлар ва мажбуриятлар бажарилганда, жумладан, хайрия ёки давлат бюджетига ҳисса қўшиш орқали иш тўхтатилиши мумкин.
LiveБарчаси