Швеция фирибгарликда айбланаётган шахсни Туркияга экстрадиция қилмоқчи

Олам 2123
image

Швеция фирибгарлик учун қидирилаётган шахсни Туркияга экстрадиция қилишга қарор қилди. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, банк карталари бўйича фирибгарликда айбланиб, Швецияга қочган 35 ёшли Окан Кале Туркияга экстрадиция қилинади. 

Маълум бўлишича, Каленинг Швециядан бошпана сўраш аризаси 2012 йилнинг июнида рад этилган, шундан сўнг у Италияга кетган. Италияда у икки йил муддатга вақтинчалик яшаш учун рухсатнома олди. 

2016 йилда у Швецияга келди ва у ерда маҳаллий фуқарога турмушга чиқди, бунинг натижасида у Скандинавия мамлакатида яшаш ва ишлаш учун рухсатнома олишга муваффақ бўлди. 

2021 йил октябрь ойида Анқара Интерпол орқали Швеция расмийларига мурожаат қилган, натижада у ҳибсга олинган. 

Кале Туркияга экстрадиция қилинмаслик учун исмини Йохан Густавссонга, динини эса насронийликка ўзгартиргани айтилади. 

Швециянинг СВТ телеканали аввалроқ ҳукумат Интерпол қизил сиркулярига биноан фирибгарликда айбланиб қидирилаётган 35 ёшли эркакни Туркияга экстрадиция қилишга қарор қилгани ҳақида хабар берган эди. 

“Бу одатий савол. Кўриб чиқилаётган шахс Туркия фуқароси бўлиб, 2013 ва 2016 йилларда фирибгарликда айбланган”, дейди Адлия вазири Морган Йоханссон Олий суд қарорини шарҳлар экан.

Унинг қайд этишича, Олий суд бу масалани одатдаги тартибда кўриб чиққан ва экстрадицияга ҳеч қандай тўсиқ йўқ деган хулосага келган. 

Қайд этилишича, эркак Туркияда банк карталаридаги фирибгарлик моддалари бўйича 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Швеция ва Финляндия масаласи

18 май куни Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди, бироқ Туркия бу давлатлардан ФЕТО, Курдистон ишчилар партияси ва Сурия Халқ мудофааси кучлари ташкилотларини террорчи деб эълон қилишни, терроризмда ёки 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланганларни Анқарага экстрадиция қилишни ва Туркияга қурол етказиб беришга қўйилган тақиқларни олиб ташлашни талаб қилиб, аъзолик жараёнини дарҳол тўхтатди. 

Жорий йилнинг 28 июнь куни Мадридда НАТО саммити бошланишидан олдин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Финляндия Президенти Саули Ниинистё, Швеция Бош вазири Магдалена Андерссон ва альянс бош котиби Йенс Столтенберг ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Уларнинг натижаларига кўра, Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига рухсат берувчи меморандум имзоланди. Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, Анқаранинг барча талаблари бажарилишига келишиб олинган. Унга кўра, Швеция террорчилик фаолиятида иштирок этган 73 кишини экстрадиция қилишга ваъда берган.

30 июнь куни НАТО саммитидан кейин матбуот анжуманида иштирок этган Эрдўған, Швеция ва Финляндия учун қувонишга ҳали эрталигини, улар шартни бажарсагина, Туркия парламенти Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига оид ҳужжатни ратификация қилишини айтди

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 14
Рейтинг: 3.2
Теглар
t
×