Қозоғистон IBAʼни тарк этади
Спорт
−
27 Сентябрь
4942Қозоғистон Бокс федерацияси IBA аъзолигидан чиқиб, янги ташкил этилган Халқаро бокс федерацияси (World Boxing)га аъзо бўлмоқчи. Бу ҳақда Қозоғистон Бокс федерацияси президенти Шахмурат Муталип маълум қилди.
“Ҳозирда боксни Олимпия ўйинлари дастурида сақлаб қолиш масаласи ХОҚ даражасида муҳокама қилинмоқда. Бу қарор бокснинг кейинги ривожланишига таъсир қилишига ишонамиз. Бутунжаҳон бокс бўйича Олимпия комиссияси раиси, Қозоғистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Геннадий Головкин билан учрашувда маҳаллий боксни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди”, деган Шахмурат Муталип.
Қайд этилишича, бу қарор маҳаллий боксчиларнинг Олимпиададаги келажаги билан бевосита боғлиқ.
Маълумот учун, 2023 йил апрель ойида Германия, Буюк Британия, Нидерландия, Филиппин, Швеция ва Қўшма Штатлар вакиллари янги халқаро федерация – World Boxing ташкил этилганини эълон қилди. Шунингдек, улар “бошқарув ва ҳалоллик” билан боғлиқ муаммолар туфайли IBA аъзолигидан чиқишини билдирди.
Шу билан бирга, 10 та мамлакат Тошкентда бўлиб ўтган IBA жаҳон чемпионатини бойкот қилди. Кейинроқ IBA 7 та миллий бокс федерацияси фаолиятини тўхтатганини эълон қилди.
ОАВ маълумотларига кўра, айни дамда IBA 40 га яқин иштирокчидан айрилган. Осиё Бокс Конфедерацияси (ASBC) ҳам жорий йилнинг ноябрь ойида IBA аъзолигидан чиқиш масаласи бўйича йиғилиш ўтказади.
Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) ва IBA ўртасидаги можаро бир неча йиллардан бери давом этмоқда. ХОҚ ҳатто боксни Лос-Анжелес-2028 Олимпиадаси дастурига киритмаслиги ҳам мумкин. Айни пайтда World Boxing таркибига 44 мамлакатнинг миллий федерациялари киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Бокс федерацияси Халқаро бокс ассоциацияси (IBA)ни тарк этиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Қозоғистон нашрига берган интервьюсида бу миш-мишларга жавоб берганди. Мураббий тарк этиш масаласини фақат раҳбарият ҳал этишини билдирганди.