Шукрулло домла вазифасидан озод қилинди
Жамият
−
16 Май 2023
108065Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бош имоми ва “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби Шукрулло Эгамбердиев (Шукрулло домла) ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган чиқишларидан сўнг вазифасидан озод қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 16 май куни Мусулмонлар идораси Ички назорат комиссияси йиғилиши бўлиб ўтган. Унда Шукрулло Эгамбердиевнинг ижтимоий тармоқларда норозиликларга сабаб бўлган чиқишлари муҳокама қилиниб, мазкур ҳаракатлар имомлик мақомига тўғри келмаслигига урғу қаратилган.
Шукрулло Эгамбердиев ўз чиқишларида хато қилганини тан олиб, узр сўраган ва келгуси фаолиятида бундай камчиликларга йўл қўймаслигини билдирган.
Мусулмонлар идораси ички назорат комиссияси баён этилганларни инобатга олиб, Шукрулло Эгамбердиевга “ҳайфсан” интизомий жазоси бериш ва Тошлоқ тумани бош имоми вазифасидан озод этиш тўғрисида хулоса қилган.
Мусулмонлар идораси берган баёнотда Шукрулло Эгамбердиевнинг айнан қайси чиқишлари унга нисбатан чора кўрилишига сабаб бўлгани ҳақида айтилмаган. Аммо идора расмийлари билан боғланганимизда Шукрулло Эгамбердиевнинг сўнгги олти ойдаги тўрт-бешта чиқиши эътирозларга сабаб бўлганини маълум қилишди.
LiveБарчаси