Мусулмонлар идораси Рамазон ҳайити бўйича дастлабки хулосаларни эълон қилди
Жамият
−
19 Апрель 2023
64251Айни кунларда интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда Рамазон ҳайити кунини белгилаш атрофидаги маълумотлар турлича талқин этилмоқда. 20 апрель куни якуний хулосалар тақдим этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълум қилди.
Гап шундаки, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Рамазон ойи ва ҳайитини аниқлаш учун ишчи гуруҳ шуғулланмоқда. Уламолар ва малакали мутахассислардан иборат мазкур ишчи гуруҳ Рамазон ҳайити куни – янги Шаввол ҳилолини астрономик таҳлиллар ҳамда хорижий давлатлардаги мутахассислар билан ҳамкорликда кузатиб бормоқда. Ҳатто Ишчи гуруҳи вакиллари АҚШ, Туркия, Жанубий Корея ва Россия минтақаларида ҳам кузатиш ишларини олиб бормоқда.
Хориждаги нуфузли астрономия марказлари ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Астрономия институтидан олинган маълумотларга кўра, 2023 йил Рамазон ҳайити куни, яъни Шавволнинг янги ой фазаси шу йил 20 апрель, пайшанба куни Тошкент вақти билан соат 09:12 да, Саудия Арабистони вақти билан эса 07:12 да содир бўлади. Астроном олимлар хулосасига кўра, шу куни Шаввол ойи ҳилоли Ўзбекистон ҳудудида кўринмасада, лекин дунёнинг айрим минтақаларида кўриш мумкин бўлади.
Ҳанафий фиқҳи манбаларида бир маконда янги ҳилол кўрилиши дунёдаги жами мусулмонларга Рамазон ҳайитини нишонлашни жоиз қилади. Бунга ҳанафий, моликий ва ҳанбалий мазҳабларидан иборат жумҳур уламолар иттифоқ қилган.
Шаръий масалалар ва астрономик ҳисоб-китобларга таянган ҳолда 1444 ҳижрий йил Шаввол ойи ҳилоли милодий 2023 йил 20 апрель куни Ер юзининг айрим ҳудудларда кузатилади. Шу боис, Рамазон ҳайити куни 2023 йил 21 апрель, жума кунига тўғри келиши ҳақида дастлабки хулосалар қилинмоқда. АҚШ, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби бир қатор давлатлар томонидан жорий йил 21 апрель, жума куни Рамазон ҳайити, деб эълон қилинди.
“Фалакий ҳисоб бўйича ҳайит куни маълум бўлсада, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Янги ойни кўриб рўза тутинглар ва янги ойни кўриб ҳайит қилинглар”, деган ҳадиси шарифларига асосан мазкур ишчи гуруҳининг АҚШ, Туркия ва Ғарб давлатларидаги вакилларининг ҳилолни кузатиш тўғрисидаги охирги маълумотлари олингандан кейин 2023 йил 20 апрель куни якуний хулосалар тақдим этилади”, дейилган хабарда.
Идоранинг айтишича, ибодат масаласида доим эҳтиёт бўлиш лозим. Рамазон рўзасининг бошланиши ва тугаши фақат юрт муфтийси томонидан эълон қилинади, мўмин-мусулмонлар эса шу фатвога эргашишлари шарт бўлади.
“Интернет сайтлари юритувчилари ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан ушбу масалада турли хабарларни тарқатиш орқали халқимизни асл вазиятдан чалғитмасликни илтимос қиламиз. Шу кунларда Ўзбекистонда Рамазон ҳайити куни расмий манбаларда эълон қилинади”, дейилган хабарда.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15