Қурбон ҳайитида нархларни оширмаслик бўйича огоҳлантириш берилди
Жамият
−
26 Май 1249 1 дақиқа
Ўзбекистонда Қурбон ҳайити байрами арафасида ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини барқарор сақлаш чоралари кучайтирилмоқда. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.
Қўмита республика ҳудудларидаги йирик савдо тармоқлари ҳамда савдо мажмуаларини нархларни асоссиз оширмаслик ва бозорда барқарорликни таъминлашга чақирган.
Маълум қилинишича, байрам олдидан талаб ортиши мумкин бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича савдо тармоқларига бир қатор тавсиялар берилган. Хусусан, чакана нархлар ўзгаришига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган омиллар, жумладан логистика ва бошқа харажатлар ошиши ҳақида қўмитани тезкор равишда хабардор қилиш сўралган.
Шунингдек, етказиб берувчиларни асоссиз нарх оширишга йўл қўймаслик бўйича огоҳлантириш тавсия этилган.
Қўмита ўз ваколатлари доирасида ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини барқарор сақлашга қаратилган чораларни амалга ошираётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 27 май куни Тошкентдаги 119 та масжидда ҳайит намозлари адо этилиши кутилаётгани ҳақида хабар берилганди. Шу билан бирга, ҳайит намозларини юқори савияда ва тартибли ташкил этиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар учун қулай шароит яратиш мақсадида 26 май соат 24:00 дан 27 май соат 08:00 га қадар Тошкент шаҳрининг қатор кўчаларида автомобиллар ҳаракати вақтинча чекланади.
Live
Барчаси