Шотландияда илк бор ҳокимият тепасига мусулмон раҳбар келди

Олам

image

Покистонлик муҳожирларнинг фарзанди бўлган 37 ёшли Ҳамза Юсуф Шотландиядаги ҳукмрон партия (Шотланд миллий партияси) етакчилигига сайланиб, Шотландия Биринчи вазири лавозимини эгаллади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди. 

Қайд этилишича, Ҳамза Юсуф 24 йил аввал таъсис этилган мазкур лавозимни эгаллаган биринчи шотланд бўлмаган шахс ва илк мусулмон бўлган. Юсуф 2014 йилдан бери партия ва минтақавий ҳукуматни бошқариб келаётган Никола Стерженнинг ўрнини эгаллаган. Стержен жорий йилнинг 15 февраль куни Шотландия сайловчиларининг минтақавий ҳукуматнинг устувор йўналишларидан, хусусан, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимларида давом этаётган муаммолардан норозилиги кучайиб бораётган бир пайтда партия раҳбари лавозимини тарк этиш ниятида эканини маълум қилган. 

Сайловда эса Ҳамза Юсуф 26 мингдан ортиқ партия аъзоси (сайловда қатнашганларнинг 52,1 фоизи) томонидан қўллаб-қувватланиб, овоз беришнинг иккинчи босқичида ғолиб чиққан. Шотландия Молия вазири Кейт Форбс эса 23,9 минг (47,9 %) овоз билан иккинчи ўринни олган. Учинчи номзод, жамият хавфсизлиги бўйича собиқ вазир Аш Реган атиги 5,6 минг киши томонидан қўллаб-қувватланиб, иккинчи турга чиқа олмаган. Сайловда фақат Миллий партия аъзолари иштирок этишлари мумкин бўлган. Овоз беришда жами 72 минг партия аъзосидан 50,5 минг нафари иштирок этган.

Маълумот учун, Ҳамза Юсуф 1985 йил 7 апрелда Глазго шаҳрида покистонлик муҳожир Музаффар Юсуф оиласида туғилган. У Глазго Университетида сиёсат бўйича таҳсил олган. 2011 йилда Шотландия парламентига сайланган. 2012 йилдан 2023 йилгача Ташқи ишлар ва халқаро тараққиёт вазири, Транспорт ва ороллар вазири, Вазирлар Маҳкамаси Адлия котиби, Вазирлар Маҳкамасининг соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ёрдам бўйича котиби лавозимларида ишлаб келган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрь ойида  Буюк Британия Бош вазири лавозимини асли келиб чиқиши  ҳиндистонлик бўлган Риши Сунак эгаллаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия Шотландия Ҳамза Юсуф Биринчи вазир

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг