Шольц ва Макрон Парижда учрашди. Украинага қандай ёрдам кўрсатилади?

Олам

image

Кеча, 22 январь куни Германия канцлери Олаф Шольц ва Франция Президенти Эммануель Макрон бошчилигидаги 300 га яқин юқори даражадаги ҳукумат амалдорлари Парижда икки мамлакат ўртасидаги 60 йиллик ҳамкорликка асос бўлган тарихий Елисей шартномасига ҳурмат бажо келтириш учун учрашди. 

Сорбонна университетида нутқ сўзлаган канцлер Шольц Европанинг келажаги Париж ва Берлиннинг “ҳаракатлантирувчи кучи”га боғлиқлигини айтди.

“Немис-француз мотори компромисс машинасидир – яхши мойланган, бироқ вақти-вақти билан баланд овозда ишлайди. У ўз машаққатли меҳнати билан ажралиб туради”, дейди Германия канцлери.

Шунингдек, учрашувларда “янги энергия моделини яратиш”, “инновациялар ва эртанги кун технологиялари”ни рағбатлантириш ҳамда Европа Иттифоқининг “ўзига хос, мудофаа, коинот ва дипломатия соҳасида геосиёсий куч” бўлишини таъминлаш зарурлиги муҳокама қилинди.

Кун тартибидан Украинага ҳарбий ёрдам бериш ҳам ўрин олган эди. Макроннинг айтишича, унинг мамлакати Францияда ишлаб чиқарилган “Leclerc” оғир танкларини Украинага етказиб беришга қарор қилган. Бироқ Франция Президенти Россия қўшинларини сиқиб чиқариш учун Украинага ҳар қандай техникани жўнатиш биргаликда ҳал қилиниши ва иттифоқчилар, шу жумладан, Германия билан келишилиши кераклигини таъкидлади.

Таъкидлаш жоизки, йиғилиш икки ҳукумат ўртасида 2019 йилдан буён биринчи марта юзма-юз бўлиб ўтган учрашув бўлди. Қўшма музокаралар дастлаб октябрь ойига режалаштирилган эди, бироқ тез фурсатда кескинлашган Франко-Германия муносабатлари сабаб бекор қилинганди. Шундан сўнг ҳар икки томон яқин ҳамкорликни яхшилаш устида ишлаган.

Маълумот учун, Елисей шартномаси 1963 йил 22 январда Франциянинг ўша пайтдаги президенти Шарль де Голл ва Ғарбий Германия канцлери Конрад Аденауэр томонидан имзоланган.

Алибек Бейжанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Макрон Шольц

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг