Шавкат Мирзиёев Жаҳон божхона ташкилоти бош котибини қабул қилди

Жамият

image

Бугун, 7 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда еттинчи Глобал кинология форумида иштирок этиш доирасида мамлакатда бўлиб турган Жаҳон божхона ташкилоти бош котиби Ян Сондерсни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш, божхона органларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Ташкилот кўмагида Ўзбекистон савдони енгиллаштириш соҳасидаги қатор халқаро конвенцияларга қўшилгани, замонавий божхона назорати механизмлари жорий этилиб, Божхона хизмати фаолиятини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилгани ва қабул қилингани қайд этилган.

Ўзбекистонда божхона соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида бугунги кунда экспорт юкларининг 94 фоизи ва импорт юкларининг 87 фоизи соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда. Декларацияларни расмийлаштириш вақти 20 дақиқагача қисқартирилган.

Божхона органларининг тадбиркорлик субъектлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлайдиган рақамли ечимлар фаол жорий этилмоқда, маъмурий тўсиқлар қисқартирилиб, коррупциявий хавфлар камайтирилмоқда.

Учрашувда божхона тартиб-таомилларини янада рақамлаштириш ва уйғунлаштириш, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳамда кадрларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга тайёрлаш доирасида ушбу масалаларнинг долзарблиги таъкидланган.

Якунда ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштиришга қаратилган аниқ чора-тадбирларни назарда тутувчи “йўл харитаси”ни биргаликда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича келишувга эришилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг