Шавкат Мирзиёев Япониядаги ўзбекистонликлар билан учрашди

Жамият

image

Бугун, 18 декабрь куни расмий ташриф билан Токио шаҳрига борган Президент Шавкат Мирзиёевни Японияда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ўзбекистонликлар қизғин кутиб олди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари улар билан суҳбатлашди.

“Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, юртдошларимизнинг орзу-умидлари, мақсад ва режалари ҳақида очиқ ва самимий мулоқот бўлиб ўтди.

Президентимиз ватандошларимизга иши ва ўқишида муваффақиятлар тилаб, улар кунчиқар юртда орттирган билим ва тажрибалар Ватанимиз тараққиёти ҳамда халқимиз фаровонлигига хизмат қилишига ишонч билдирди”, дейилади хабарда. 

Ташрифнинг асосий тадбирлари 19-20 декабрь кунлари бўлиб ўтади. Ўзбекистон Президенти Япония Императори Нарухито, Бош вазири Санаэ Такаичи ва бошқа расмийлар, ишбилармон доиралар ҳамда академик ҳамжамият вакиллари билан учрашувлар ўтказади.

Токиода “Марказий Осиё – Япония” мулоқоти давлат раҳбарларининг биринчи саммити бўлиб ўтади. Ўзбекистон етакчиси саммитда иштирок этади. Тадбир доирасида “яшил иқтисодиёт” ва барқарор тараққиёт, ўзаро боғлиқлик ва минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон ресурсларини ривожлантириш каби устувор соҳаларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинади. Саммит якунлари бўйича Токио декларациясини қабул қилиш режалаштирилган.

Саммит дастлаб 2024 йил август ойида Қозоғистонда ўтказилиши режалаштирилган, аммо Японияда Тинч океани соҳилида мега зилзила хавфи юзага келиши муносабати билан фавқулодда тайёргарликлар сабаб бекор қилинган эди.

Япония ушбу саммит орқали Марказий Осиё билан дипломатик ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашни мақсад қилган. Саммитда минтақавий хавфсизлик, савдо ва инвестиция имкониятлари бўйича музокаралар ўтказилиши кутилмоқда. Япон расмийлари ушбу тадбирни глобал давлатларнинг минтақага таъсирини мувозанатлаш имконияти сифатида кўрмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кеча, 17 декабрь куни расмий ташриф билан Японияга етиб борганди. Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон эса бугун, 18 декабрь куни Японияга етиб борди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Япония Токио

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг