Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги қурилиш лойиҳалари билан танишди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 23 сентябрь куни қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди. 

Дастлаб Олимпия шаҳарчаси бўйича таклифлар кўриб чиқилган. Бу мажмуа 2025 йилда Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларини қабул қилади. Халқаро талабларга мувофиқ, шаҳарчада олимпия стадиони, ёпиқ спорт мажмуалари, сув спорти саройи, машғулот майдончалари, эшкак эшиш ҳавзаси барпо этилади.

Аввалги тақдимотда Президент бу спорт мажмуалари халққа мулк бўлиб қолишини, уларни сифатли қилиб қуриш зарурлигини айтган эди. Шу боис лойиҳалаш ва кейинчалик қурилиш жараёнларига соҳада катта тажрибага эга чет эл компаниялари жалб этилади.

Давлат раҳбари спорт мажмуаларининг универсал бўлиши муҳимлигини таъкидлаган. Стадион ва биноларнинг тепасида қуёш панеллари ўрнатиб, энергияни тежаш, бўш майдонларда кўпроқ дарахтлар экиш бўйича тавсиялар берилган.

Тақдимотда “Янги Ўзбекистон” университети лойиҳаси ҳам кўриб чиқилган. Бунинг учун пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидан жой ажратилиб, ўқув бинолари, маъмурият, ўқитувчилар ва талабалар учун ётоқхоналар, ошхона, кутубхона, лаборатория, спорт мажмуаси қурилиши лойиҳалаштирилган.

Ҳозир бу ҳудудда Президент мактаби бор. Келгусида Президент таълим муассасалари агентлиги ҳам шу ерда жойлашади. Шу тариқа, ҳудуд таълимга ихтисослашган яхлит мажмуа бўлади.

“Ихтисослаштирилган мактаблар – бизнинг заминимиз. Уларда болаларимиз билимли, баркамол бўлиб вояга етади. Университет бу тизимнинг давоми бўлиб, мамлакатимиз учун керакли, замонавий мутахассислар тайёрлайди. Шунинг учун бу ерда барча шарт-шароит, илғор методика бўлиши керак”, дейди Президент.

Давлат раҳбари бунёдкорлик ишларига кўпроқ маҳаллий қурувчиларни жалб этиш зарурлигини таъкидлаган. 

Тақдимотда кўрсатилган навбатдаги лойиҳа ҳам ёшлар камолотига қаратилган. Унга кўра, маҳаллаларда стадион, ўйин майдончалари, кутубхона, компьютерхона, ошхона, ҳаммом ва бошқаларни ўз ичига олган марказлар барпо этиш кўзда тутилган.

Президент кўрсатмасига мувофиқ, аҳоли билан маслаҳатлашилиб, аввало, бундай марказлар қуриладиган жойлар аниқланган. Бугунги кунгача 171 та маҳаллада спорт майдончалари қурилиши бошланиб, улардан 64 таси фойдаланишга топширилган.

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунга ҳамоҳанг бўлди. Мазкур қарорга мувофиқ ўтказилган “Беш ташаббус” олимпиадасининг спорт мусобақаларида 279 та маҳалла ғолиб ва совриндор бўлган эди. Спортсевар ёшларга ҳам мукофот, ҳам рағбат сифатида, ушбу маҳаллаларда 3 хил – универсал, стритбол ва воркаут мажмуалари қурилади.

Бундан ташқари, спорт инфратузилмаси йўқ яна 208 та маҳаллада ҳам стритбол ва воркаут майдонлари ташкил этилади”, дейилади Президент Матбуот хизмати хабарида.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили декабрда Корея Республикасига давлат ташрифи жуда самарали бўлган эди. Шундан сўнг, Тошкентда тиббиёт кластери ташкил этиш лойиҳаси ҳам жадаллашди. Унга кўра, Кореянинг Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик фонди (EDCF) кўмагида катталар учун тиббиёт маркази, онкология шифохонаси ва олий ўқув юрти қурилиши режалаштирилган.

Бу учта мажмуа ҳозирги Болалар тиббиёт маркази билан бирга яхлит кластер ҳосил қилади. Унда ўқитиш ва даволаш бўйича Корея тажрибасига асосланган илғор тизим йўлга қўйилади. Шифохоналар жами 900 бемор ўрнига эга бўлади. Қурилиш ишлари 2023 йилда бошланади.

Давлат раҳбари лойиҳа бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

117

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг