Шавкат Мирзиёев Путиннинг қароргоҳига қилинган ҳужумни қатъий қоралади

Жамият

image

Бугун, 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари Россия Президентининг Нижний Новгород вилоятидаги қароргоҳига ҳужум қилишга уринишни қатъий қоралаган. Бундай хатти-ҳаракатлар барқарорлик ва хавфсизликка, шу жумладан узоқ муддатли тинчликка эришишга қаратилган саъй-ҳаракатларга таҳдид солиши таъкидланган.

Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган, бўлажак тадбирлар режаси муҳокама қилинган.

Суҳбат якунида етакчилар кириб келаётган янги – 2026 йил муносабати билан бир-бирини самимий қутлаб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва фаровонлик, икки мамлакатнинг биродар халқларига эса тинчлик-осойишталик ва бардавом равнақ тилаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина Россия Президенти Владимир Путиннинг Новгород вилоятидаги давлат резиденциясига 91 та учувчисиз учиш аппарати (дрон) орқали ҳужум қилишга уринганини маълум қилганди. Лавровнинг сўзларига кўра, ҳужум 29 декабрга ўтар кечаси содир бўлган. Барча 91 та дрон йўқ қилинган. Жабрланганлар ёки моддий зарар ҳақида маълумот келиб тушмаган. Унинг айтишича, ушбу ҳужумни инобатга олган ҳолда Россиянинг музокаралардаги позицияси қайта кўриб чиқилади, бироқ Москва АҚШ билан музокаралар жараёнидан чиқиш ниятида эмас.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Владимир Путин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг