Шавкат Мирзиёев Москвага жўнаб кетди
Жамият
−
23 Июнь 2020
7118Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан амалий ташриф билан Москвага жўнаб кетди.
Бугун куннинг иккинчи ярмида олий даражада икки томонлама музокаралар ўтказилиши режалаштирилган, Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилади.
Эртага, 24 июнь куни давлатимиз раҳбари фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, 9 май куни иккинчи жаҳон урушида Германия устидан қозонилган ғалаба шарафига анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган Москвадаги Ғалаба паради коронавирус пандемияси сабаб қолдирилди. Шу сабаб парад 24 июнь куни ўтказилиш белгиланди.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Ўзбекистон, Сербия Президентлари ҳамда қисман тан олинган Абхазия, Жанубий Осетия раҳбарлари ҳам Ғалаба парадида иштирок этади.
Аммо Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев мамлакатидаги эпидемиологик вазият туфайли Москвада ўтадиган Ғалаба парадига бора олмаслигини маълум қилди. Шу билан бирга, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам Москвага бора олмаслигини билдирди.