Шавкат Мирзиёев Корея Миллий Ассамблеяси Спикери билан учрашди 

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида бугун, 15 сентябрь куни Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чо Чжон Шик билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон – Корея алоҳида стратегик шериклик муносабатларини илгари суришда икки мамлакат парламентлари муҳим ўрин тутаётгани таъкидланган.

Маълум қилинишича, парламентлараро “дўстлик гуруҳлари” фаол иш олиб бормоқда, парламент делегацияларининг мунтазам ташрифлари амалга оширилмоқда, қонун чиқарувчи органларнинг тегишли қўмиталари ўртасида самарали тажриба алмашинуви йўлга қўйилган.

Миллий Ассамблея ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги кўмагида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг иккала палатасида “Электрон парламент” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Олий даражада эришилган, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш бўйича келишувларнинг амалга оширилиши устидан парламент мониторингини таъминлаш мақсадида ўзаро ҳамкорлик механизмини яратиш зарурлиги таъкидланган.

Шунингдек, учрашув якунида 2027 йилда Ўзбекистон ва Корея ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги муносабати билан “парламент дипломатияси” йўналишида бир қатор тадбирлар ўтказишга келишиб олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳрида Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён билан тор доирада ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг