Шавкат Мирзиёев Қатар Амири билан музокара ўтказди
Жамият
−
02 Октябрь 2023
4579Бугун, 2 октябрь куни Доҳадаги “Амири Девон” мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг икки мамлакат расмий делегациялари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Мирзиёев Қатарга таклиф қилгани ҳамда Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийга миннатдорлик билдирган.
Сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилган.
“Қатар Амири жорий йил июнь ойида Самарқандга амалга оширган тарихий ташриф мамлакатларимиз муносабатларида янги босқични бошлагани таъкидланди. Ўзбекистон билан Қатар ўртасидаги ҳамкорликни янада юқори, стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга қатъий интилиш билдирилди”, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилишича, учрашувда турли даражаларда мулоқотлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилган.
Билдирилишича, икки мамлакат пойтахтлари ўртасида авиақатновлар йўлга қўйилган, ўзаро савдо ҳажми ошмоқда. Қатарнинг йирик компаниялари билан қўшма лойиҳалар бошланган. Ташриф арафасида Доҳада Ўзбекистон элчихонаси очилган.
“Томонлар савдо кўрсаткичларини каррасига ошириш, анъанавий ва “яшил” энергетика, нефть-кимё, металларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш, туризм, молия ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тайёрлигини билдирди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, музокаралар давомида ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш учун 2024 йил январь ойида Доҳада қўшма Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишлари ва бизнес форумини ўтказиш таклиф қилинган.
Ўзбекистон Қатарнинг илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, биотехнологиялар ва сунъий интеллект, “яшил” энергетика борасида қўшма тадқиқотлар ўтказишдан манфаатдор экани таъкидланган. Доҳада Ўзбекистон маданияти ва туризм ҳафталигини ўтказишга келишиб олинган.
Ўз навбатида, музокаралар давомида глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинган. Масалан, трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалий илгари суриш масалаларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилган. Томонлар Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш муҳимлиги ҳақида якдил фикр билдирган.
“Учрашув якунида давлат раҳбарлари бир қатор қўшма “йўл харита”ларини тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали рўёбга чиқариш механизмларини яратиш топшириғини бердилар”, дейилади хабарда.
Музокаралардан сўнг икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Доҳа шаҳрига етиб борган, уни Қатар Бош вазири – Ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний ва бошқа расмий шахслар кутиб олганди. Шу куни Мирзиёев Доҳада мамлакатнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашди. Бугун, 2 октябрь куни Доҳада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь