Доҳада Мирзиёевни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди
Жамият
−
02 Октябрь 2023
4968Бугун, 2 октябрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маросим пойтахтдаги “Амири Девон” мажмуасида бўлиб ўтган. Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёевни Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний кутиб олган.
Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортган. Ҳарбий оркестр икки мамлакат мадҳияларини ижро этган.
Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутлади.
Маросимдан сўнг олий даражадаги музокаралар бошланган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Доҳа шаҳрига етиб борган, уни Қатар Бош вазири – Ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний ва бошқа расмий шахслар кутиб олганди. Шу куни Мирзиёев Доҳада мамлакатнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашди.