Шавкат Мирзиёев Францияга жўнаб кетди
Жамият
−
21 Ноябрь 2022
4078Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 21 ноябрь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ташриф дастурига мувофиқ Париж шаҳридаги Елисей саройида олий даражадаги музокаралар ва Франция Миллий йиғинида учрашув ўтказилиши режалаштирилган.
Устувор соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилади.
Ўзбекистон раҳбари Франциянинг етакчи компаниялари вакиллари билан ҳам учрашув ўтказади.
Лувр музейи ва Араб дунёси институтига ташриф буюриб, ўзбек халқининг бой маданий меросига бағишланган “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” ва “Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари” кўргазмалари билан танишиш мўлжалланган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев ушбу мамлакатга илк бор президентлигининг биринчи муддатида – 2018 йилнинг 8-9 октябрь кунлари ташриф буюрган эди.