Шавкат Мирзиёев Ғалаба парадида иштирок этиш учун Москвага жўнаб кетяпти

Жамият 9151
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 23-24 июнь кунлари Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан амалий ташриф билан Москва шаҳрида бўлади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Ташрифнинг биринчи куни дастурига мувофиқ, олий даражада икки томонлама музокаралар ўтказиш режалаштирилган. Кўп қиррали Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг долзарб масалалари кўриб чиқилади.

"24 июнь куни давлатимиз раҳбари фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан тантанали тадбирларда иштирок этади", дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 9 май куни иккинчи жаҳон урушида Германия устидан қозонилган ғалаба шарафига анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган Москвадаги Ғалаба паради коронавирус пандемияси сабаб қолдирилди. Шу сабаб парад 24 июнь куни ўтказилиш белгиланди.

Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Ўзбекистон, Сербия Президентлари ҳамда қисман тан олинган Абхазия, Жанубий Осетия раҳбарлари ҳам Ғалаба парадида иштирок этади.

Аммо Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев мамлакатидаги эпидемиологик вазият туфайли Москвада ўтадиган Ғалаба парадига бора олмаслигини маълум қилди. Шу билан бирга, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам Москвага бора олмаслигини билдирди.

 

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 276
Рейтинг: 3
t
×