Шавкат Мирзиёев ҳам Дональд Трампни Ўзбекистонга таклиф қилди
Жамият
−
23 Декабрь 2291 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Дональд Трампни ўзи учун қулай муддатда Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф қилди. Бу ҳақда у бугун, 23 декабрь куни бўлиб ўтган телефон мулоқотида сўз очди.
Етакчилар мулоқот давомида икки томонлама муносабатларни муҳокама қилди. Хусусан, фуқаро авиацияси, автосаноат, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, энергетика ва кимё, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа соҳаларда ўнлаб миллиард долларлик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Амалдаги лойиҳа ва дастурларни самарали илгари суриш ҳамда янгиларини ишлаб чиқиш мақсадида Америка – Ўзбекистон ишбилармонлар ва инвестициялар кенгаши ташкил этилган. Қўшма Инвестиция фондини таъсис этиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.
Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги механизми ишга туширилди. Ўзбекистоннинг учта вилояти делегациялари Америка штатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ушбу мамлакатда бўлди.
Суҳбат давомида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода, кўп томонлама ҳамкорлик, жумладан, “С5+1” форматининг аҳамияти таъкидланди.
Суҳбат якунида томонлар олий даражадаги фаол мулоқотларни давом эттириш ниятини тасдиқлади ҳамда амалий ҳамкорлик бўйича қўшма ташаббус ва дастурларни илгари суришга келишиб олди.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 7 ноябрь куни (Вашингтон вақти билан 6 ноябрь)АҚШ Президентининг расмий қароргоҳи – Оқ уйда бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг “С5+1” форматидаги саммитида иштирок этиб, кейинги саммитни 2026 йилда Самарқанд шаҳрида — бу форматга асос солинган масканда ўтказишни таклиф қилган. Бундан олдин ҳам 23 сентябрь куни БМТ бош қароргоҳида ташкилот Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси доирасида бўлиб ўтган учрашувда ҳам Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни Самарқандга таклиф қилганди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 23 декабрь куни Дональд Трамп Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан ҳам телефон орқали гаплашганди. Тўқаев ҳам Трампни Қозоғистонга таклиф қилди. Трамп эса Қозоғистон ва Ўзбекистон Президентларини 2026 йилда АҚШнинг Майами шаҳрида бўлиб ўтадиган G20 давлатлари саммитига меҳмон сифатида таклиф қилган.