Шаҳрисабзда ўқувчиларга жисмоний тарбия дарси поли чириган спорт залида ўтилмоқда

Жамият 4407
image

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида мактаб ўқувчилари поли чириб кетган спорт залида шуғулланаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси мазкур вазият бўйича муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ҳолат Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси Матбуот хизмати раҳбари ва тегишли масъуллар иштирокида ўрганилмоқда.

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда сурати тарқалган таълим муассасаси Шаҳрисабз тумани халқ таълими бўлимига қарашли 58-умумий ўрта таълим мактаби “Ғилон” МФЙга қарашли “Ғилoн” қишлоғида жойлашган.

Мактаб 1967 йил қурилган ва 2014 йилда 200 ўринли янги ўқув биноси қурилган. Мавжуд 2 та 240 ўринли  ўқув бинолари мукаммал таъмирланган.

2019 йилда мактаб филиалига Инвестиция давлат  дастури асосида 96 ўринли ўқув биноси қурилган.Жами қуввати бугунги кунда 776 ўқувчи ўринли, ўқувчилар сони 557 нафар, навбатлилик коеффиценти 0,7 фоиз  ва мактабнинг умумий ер майдони 1,75 га ни ташкил этади.

Мактабнинг 12х24 метр ўлчамдаги спорт зали 2007 йил қурилган. Мактаб тоғли ҳудудда жойлашгани, ер ости сувлари ер юзасига яқинлиги, намгарчилик юқорилиги натижасида спорт залининг пол қисми жуда тез вақтда яроқсиз ҳолатга келган.

Ҳозирда мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, мактаб спорт залини бирламчи таъмирлаш чоралари кўрилмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 85
Рейтинг: 3
t
×