Шаҳобиддин Зоиров Дубайда камар учун жанг қилади
Спорт
−
13 Ноябрь
2991Ўзбекистонлик профессионал боксчи, Рио-2016 Олимпиадаси ғолиби Шаҳобиддин Зоиров шу йилнинг 6 декабрь кунида Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида жойлашган “The Agenda” мажмуасида бокс бўйича “IBA Чемпионлар оқшоми” мусобақасида рингга кўтарилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Ўша куни 31 ёшли Шаҳобиддин Зоиров Венесуэла вакили Йоэль Финоль билан жанг қилади. Энг енгил вазн тоифасида ташкил этиладиган жанг IBA Pro таснифидаги чемпионлик камари учун ўтказилади.
Қайд этиш жоиз, Зоиров сўнгги жангини октябрь ойида айнан IBA Pro таснифидаги мусобақа доирасида испаниялик Самуэль Кармонага қарши ўтказиб, ғалаба қозонган эди. Кармонани Зоировдан аввал Тошкентдаги турнирда Ҳасанбой Дўсматов ҳам мағлуб этганди.
Маълумот учун, Зоиров профбоксда жами 6 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган. Жангларининг 3 тасида рақибларини нокаутга учратган.