Шаҳар, ҳайкал, энди навбат... Туркманистонда яна бир “Арқадағ” пайдо бўлади
Олам
−
31 Март 2023
12673Туркманистон Телевидение, радиоэшиттириш ва кинематография давлат қўмитаси таркибида янги “Арқадағ” телеканали пайдо бўлади. Тегишли фармонни Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов имзолаган. Бу ҳақда “Turkmenportal” хабар берди.
Қайд этилишича, янги телеканални ишга тушириш тўғрисидаги қарор Туркманистон телевидениеси самарадорлигини ошириш, Телевидение, радиоэшиттириш ва кинематография давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.
“Арқадағ” телеканали 2023 йилнинг сентябридан кунига 15 соатдан эфирга узатила бошлаши режалаштирилган.
Маълумот учун, “Арқадағ” Туркманистоннинг собиқ президенти, амалдаги давлат раҳбарининг отаси, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга берилган унвон ҳисобланади. Айни пайтда Туркманистоннинг Ахал вилоятида янги маъмурий марказ сифатида шу номдаги шаҳар ҳам бунёд этилмоқда. Янги шаҳарнинг очилиши шу йил ёзда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Тахминан 70 минг киши истиқомат қиладиган янги маъмурий марказ Ашхободдан 30 км жануби-ғарбда жойлашган 950 гектар майдонда қурилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Арқадағ шаҳрини қуриш 2019 йилда бошланган эди. Жорий йилнинг февраль ойида эса шаҳарда “Арқадағ” ҳайкали очилганди. 24 март куни эса шаҳарга пойтахт Ашхободда ҳам йўқ бўлган давлат аҳамиятига эга шаҳар мақоми берилганди.
LiveБарчаси