Сергелидаги портлаш бўйича суд иши бошланди
3-саҳифа
−
03 Май
1239016 ёшли ўсмирнинг ўлимига сабаб бўлган, 163 нафар одам жароҳатланган Сергелидаги портлаш бўйича суд иши бошланди. Бу ҳақда судда бевосита қатнашган QALAMPIR.UZ мухбири Моҳинур Маматова хабар берди.
Дастлабки суд мажлиси бугун, 3 май куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди биносида бўлиб ўтди. Унда 4 нафар шахс, “Interlogistics” МЧЖ раҳбари ва қўриқчиси, “Polychem” МЧЖ бошқарувчиси ҳамда бир нафар ходими судланмоқда. Судланувчиларнинг барчаси Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этишда гумонланмоқда.
Судда 20 га яқин фуқаролар жабрланувчи сифатида қатнашяпти. Суд очиқ бўлиши белгиланган, бироқ суд мажлиси ўтган хонада нафақат оммавий ахборот воситалари вакиллари, балки судланувчиларнинг яқинлари ва жабрланувчилар қатнашиши учун шароит ва жой етарли эмас. Шу сабабли, адвокатлар томонидан келаси суд ишини Тошкент шаҳар суди биносида кўриб чиқиш таклиф этилди.
Судда айтилган маълумотларга кўра, портлаш оқибатида етказилган зарарнинг суммаси ҳали ҳисоблаб чиқилмаган. Судланувчиларга айблов хулосаси тақдим этилмагани туфайли суд иши 8 май кунига қолдирилди.
Сергелидаги портлаш
Ўтган йилнинг 28 сентябрь куни тунда Тошкент шаҳри Сергели туманидаги "Қурувчилар" даҳасида "Inter Logistics" МЧЖга қарашли омборхонада кучли портлаш содир бўлди. Оқибатда ҳудуддаги 26 та кўп қаватли уйнинг 592 та хонадони ҳамда 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 та мактаб ва 2 та МТТ биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига зарар етди.
Шунингдек, портлашда 163 нафар фуқаро жабрланди ва ҳодиса оқибатида 2006 йилда туғилган бир нафар ўсмир воқеа жойида вафот этди.
Фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этишга Миллий гвардия отрядлари жалб этилди ва воқеа жойига Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ва Бош вазир Абдулла Арипов етиб бориб, ҳолатни назоратга олди. Шаҳар ҳокимининг маълум қилишича, етказилган моддий зарар қоплаб берилади.
Омборхонада содир бўлган портлашдан сўнг Ҳукумат қарори билан 4 киши қамоққа олинди. Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сергелида қанча бойликлар ёниб кетгани ҳақида QALAMPIR.UZ махсус репортаж тайёрлаган эди.
LiveБарчаси