Сенаторлар ўз ҳудуди муаммоларини олиб чиқишда ташаббус кўрсатмади – Норбоева хоним

Жамият 1267
image

Бугун, 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтяпти.

Мажлис очилишида Сенат раиси Танзила Норбоева нутқ сўзлаб, парламент назорати масаласида тўлиқ ишга туширилмаган имкониятлар мавжудлигини айтиб ўтди.

Биринчидан, қонунлар, давлат ва ҳудудий дастурлар ижроси устидан назорат механизмларини бугунги кун талаблари асосида тубдан такомиллаштириш пайти келди.

Одамларни бугун ташвишга солаётган ва ечими ҳам айнан бугун зарур бўлган масалаларга эътибор қаратиш керак.

Шу билан бирга, қабул қилинадиган қарорларда ижрочиларга умумий мазмундаги кўрсатмалар беришдан бутунлай воз кечиб, муаммолар ечимига қаратилган аниқ топшириқлар бериш шарт ва бунда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш муҳим омил ҳисобланади.

Иккинчидан, қонунларда белгиланган ваколатлардан самарали фойдаланган ҳолда парламент назорати доирасини амалда янада кенгайтириш керак.

Маълумки, биз ушбу йўналишда, асосан, давлат органлари фаолиятига эътибор қаратяпмиз.

Чунки, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини қондиришда нафақат давлат органлари, балки хўжалик бошқаруви органлари ҳам муҳим ўрин эгаллайди.

Ўтган қисқа давр мобайнида муҳтарам Президентимиз томонидан иқтисодиётнинг муҳим соҳа ва тармоқларини инновацион ёндашувлар асосида тубдан такомиллаштиришга қаратилган қатор долзарб вазифалар белгилаб берилди. 

Масалан, қишлоқ хўжалиги тармоқларини диверсификация қилиш, жумладан пахта хомашёсини тўлиқ ўзимизда қайта ишлаб, четга фақат тайёр маҳсулот экспорт қилиш бўйича аниқ вазифалар қўйилди. 

Шунингдек, нефт-газ, электротехника, автомобилсозлик, қурилиш каби кўплаб саноат тармоқларини ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар қабул қилинди.

Уларнинг бажарилиши устидан парламент назоратини кучайтириш, жумладан тармоқ раҳбарларининг ахборотларини эшитиш амалиётини Сенат кун тартибига киритиш лозим бўлади.

Учинчидан, Сенат фаолиятидаги ҳудудий манфаатлар устуворлигидан келиб чиқиб, вилоят, туман ва шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари унинг доимий диққат марказида бўлиши керак.

Бироқ, афсуски, айрим сенаторлар ўзлари сайланган ҳудуд муаммоларини Сенат минбарига олиб чиқишда деярли ташаббус кўрсатмадилар.

Ҳолбуки, биргина вилоят ҳокимларининг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш жараёнида ҳудудларни ривожлантириш борасида қанчадан қанча вазифалар, муаммолар турганига ишонч хосил қилдик.

Бу муаммоларни сенаторларимиз кўтариб чиқишлари керак эмасмиди?”, деди Танзила Норбоева.

Эслатиб ўтамиз, Сенатнинг йигирма бешинчи ялпи мажлиси 5 йилликдаги ва жорий йилдаги сўнгги мажлис ҳисобланади. Кейинги Сенат ялпи мажлиси келаси йил янги таркиб билан ўтказилади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 20
Рейтинг: 3
t
×