Сенаторлар “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунни маъқуллади
Жамият
−
12 Март 2021
2791Бугун, 12 март куни бўлиб ўтаётган Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур Қонуннинг мақсади давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган очиқ ва шаффоф, самарали ва яхлит тизимни яратишдан иборатдир.
Муҳокама жараёнида амалдаги Қонуннинг ижроси борасидаги мавжуд бўшлиқ ва муаммоларга ҳам эътибор қаратилди.
Жумладан, харидлар аксарият қисмининг очиқлик ва шаффофликни таъминловчи ахборот- коммуникация тизимидан фойдаланмаган ҳолда амалга оширилиши, харид қилиш тартибини назорат қилиш тизимининг бугунги талабга жавоб бермаслиги ҳамда давлат харидлари соҳасидаги ҳужжатларга риоя этмаслик ҳолатларига йўл қўйишнинг кўпайиши каби камчиликлар учраётганлиги таъкидланди.
Натижада биргина 2019 йилда 729 та ҳолатда 2 908,1 млрд. сўмлик шартномаларнинг буюртмачилар томонидан берилган буюртмалар бўйича тендер савдолари ўтказилмасдан битимлар тузилишига йўл қўйилган.
Бу каби камчиликларга барҳам бериш мақсадида кўриб чиқилган Қонун:
• давлат харидларига йўналтириладиган бюджетлари маблағлари ва бошқа марказлашган манбаларнинг мақсадли ишлатиш;
• ҳукуматнинг кафолатланган кредит ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш;
• давлат секторини зарур товар, иш ва хизматлар билан таъминлашда қисқа муддатларда “нарх-сифат” кўрсаткичларини уйғунлаштириш;
• коррупцияга қарши курашишда самарали натижаларга эришиш каби долзарб масалалар ечимида муҳим ўрин тутади.
Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши амалда бир-бирига зид бўлган қонунчилик талабларига барҳам берибгина қолмай, харидлар шаффофлигини таъминлаш билан бирга тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли учун ҳам қулайлик яратади.
Муҳокамалардан сўнг мазкур Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
LiveБарчаси