Сенатнинг еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади
Жамият
−
11 Сентябрь 2020
4996Бугун, 11 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб бормоқда.
Ялпи мажлисда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги, “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги, “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Бюрократик тўсиқлар янада қисқартирилиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойиллари жорий қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари муҳокама қилиниши назарда тутилган.
Бундан ташқари, Молия вазирининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ахбороти эшитилиши ҳам режалаштирилган.
Шу билан бирга, Тошкент вилояти Зангиота, Қуйичирчиқ, Янгийўл ва Ўртачирчиқ туманларининг, Тошкент шаҳри Сергели ва Бектемир туманларининг, шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт тумани, қолаверса, Наманган шаҳри таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилади.
Қолаверса, илмий фаолиятни ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар ҳолати ҳамда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида Ҳукуматга парламент сўровлари юбориш масаласи муҳокама қилинади.
Шунингдек, арзон уй-жойлар қуриш жараёнидаги, аҳолини табиий газ билан таъминлашдаги муаммолар тўғрисида, қолаверса, ҳокимлар томонидан қарорлар қабул қилинишида қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳам муҳокамалар марказида бўлади.