Сенатнинг ўн саккизинчи ялпи мажлиси очилди

Жамият

image

Бугун, 28 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. 

Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига олиб борилаётган демократик ислоҳотлар ва ўзгаришларларнинг самарадорлигини таъминлашга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини ижро этишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари киритилган.

“Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги, “Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир. Шунингдек, сенаторлар айрим қонун ҳужжатларига ҳукумат аъзоларининг парламент олдидаги масъулияти кучайтирилиши, айрим давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти, жиноят, жиноят-процессуал ва маъмурий қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан, шунингдек жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларини ҳам кўриб чиқадилар.

Сенаторлар жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, уларни солиққа тортишга доир қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати ва бу соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти, шунингдек умумтаълим мактаблари дарсликларининг давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлиги юзасидан ҳукумат аъзоларига парламент сўровлари юбориш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қиладилар.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатларига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилади. 

Шунингдек, сенаторлар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ҳамда адлия вазирининг ҳисобот ва ахборотларини эшитади. Қашқадарё вилояти ҳокими парламент вакилларига ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботини тақдим этади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Ялпи мажлис Сенат

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг