Сенат Ўзбекистоннинг 2026 йилги давлат бюджетини маъқуллади
Жамият
−
18 Декабрь 3268 2 дақиқа
Бугун, 18 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг 12-ялпи мажлисида “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди ва маъқулланди. Бу ҳақда Сенатнинг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур қонуннинг мақсади 2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат. Сенаторлар 2026 йил учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетида аҳоли турумуш даражасини яхшилаш, халқ фаровонлигини юксалтириш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, фуқароларнинг соғлиқни сақлаш тизими билан қамровини кенгайтириш ва сифатли таълимга эга бўлиш каби ижтимоий соҳа мақсадларига устуворлик берилганини таъкидлаган.
Жумладан, давлат бюджети харажатларининг қарийб 55 фоизи ёки 220 трлн сўми ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Давлат бюджети харажатлари таркибида таълим соҳаси учун 100 трлн сўм назарда тутилган, тиббиёт соҳасига эса 49 трлн сўм ёки жорий йилга нисбатан 11,4 фоизга оширилмоқда. Қонунга асосан келгуси йилда инфляция даражаси 7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
2026 йилда давлат бюджети харажатлари 402,6 трлн сўмни, даромадлари эса 368,9 трлн сўмни ташкил этмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари эса 78,6 трлн сўм, харажатлари 74,4 трлн сўм (бюджетлараро трансфертлар ҳисобга олинмаган ҳолда) миқдорида режалаштирилмоқда.
Хусусан, мазкур қонунда 2026 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 515,8 трлн сўм, харажатлар эса 567,6 трлн сўм миқдорида шакллантирилган. Бунда консолидациялашган бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги вазифаси назарда тутилган.
Муҳокама жараёнида сенаторлар бюджет даромадларини ошириш ва бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратган. Сенаторлар ўз чиқишларида 2026 йилда макроиқтисодий сиёсат соҳасида устувор этиб белгилаган вазифаларни бажариш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш ва давлат дастурларида назарда тутилган бошқа муҳим тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини қайд этган.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллаган.
Live
Барчаси