2027 йилдан 1-синф дарсликлари янги алифбода чоп этилади

Жамият

image

Ўзбекистонда 1-синф дарсликлари 2027 йилдан янги алифбода чиқа бошлайди. Бу ҳақда бугун, 10 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлисида Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Азизбек Турдиев маълум қилди.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, мактаб дарсликлари синфлар кесимида янгиланиб боради. Масалан, биринчи синфлар учун ҳар йили дарслик шундоқ ҳам янгиланади. Иккинчи-тўртинчи синфлар учун дарсликларни янгилаш даврийлиги эса уч йилни ташкил қилади. 5-11-синфлар учун ҳар беш йилда бир марта дарсликлар янгиланади. 

“Демак, 2027 йил, кейинги йилдан бошлаб, қонун кучга киргандан кейин, биз биринчи синф дарсликларини шундоқ ҳам янги алифбода чоп этамиз ва ҳозир айтиб ўтганимдек, 2027 йилдан бошлаб 2031 йилга қадар барча дарсликларимиз тўлиқ янгиланади”, дейди Турдиев.

Қолган юқори синфларнинг дарсликлари эса параллел равишда янгиланиб боради. Вазир ўринбосарининг билдиришича, мазкур нуқтаи назардан мактаб дарсликларини янги алифбога ўтказиш қўшимча маблағ талаб қилмайди.

Турдиев, шунингдек, жорий йилнинг 24-28 август кунлари мактабгача таълим тизимида янги алифбо жорий этилаётганлиги муносабати билан ўқув семинарлари ташкил қилинганини айтиб ўтган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сенатнинг 19-ялпи мажлисида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқуллани хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг