Сенат ўзбек-қирғиз чегарасига оид шартномаларни маъқуллади

Жамият 6405
image

Бугун, 18 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муҳим икки томонлама шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни кўриб чиқди.

Муҳокамада тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари ҳокимликлари раҳбарлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, экспертлар ҳам иштирок этди.

Ялпи мажлисда сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини батафсил муҳокама қилдилар.

Сенаторларнинг таъкидлашича, Андижон (Кампиробод) сув омборидан биргаликда фойдаланиш минглаб фермер хўжаликларини сув билан узлуксиз таъминлашда ишончли кафолатлар яратади.

Бундан ташқари, мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона ва ўзаро манфаатли фойдаланишга хизмат қилиши, икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга имкон бериши таъкидланди.

Батафсил муҳокама якунлари бўйича Сенат мазкур қонунларни маъқуллаш тўғрисида қарорлар қабул қилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 ноябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этиб, илк бор "Кампиробод" сув омбори қандай қилиб Ўзбекистонга ўтаётганига аниқлик киритган эди.

Кейинроқ 17 ноябрь куни Қирғизистон парламенти ҳам ўзбек-қирғиз чегарасининг қолган қисмини делимитация қилиш ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омборини Ўзбекистонга бериш бўйича келишувларни ратификация қилди.

Маълумот учун, “Кампиробод” сув омбори – Тянь-Шан тоғ тизмаларининг 5 ирмоғидан пайдо бўлувчи Қорадарё ўзанига қўйилган гидротехника иншооти. 1962 йили лойиҳалаштирилиб, 1968-1982 йилларда қуриб битказилган бу сув омборининг умумий майдони – 55 кв км, сув сиғими – 1 млд 950 м3 бўлиб узоқ йиллар давомида Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасида талаш бўлиб келаётган эди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 161
Рейтинг: 3
t
×