Сенат хотин-қизлар учун муҳим қонунни қабул қилди
Жамият
−
23 Август 2019
4952Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлагани ҳақида хабар берган эдик.
Сенаторлр кун тартибидаги масалаларни “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўришдан бошлашди.
Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Сайёра Баратова сўзга чиқиб, Ўзбекистонда иқтисодий фаол аҳолининг 46 фоизидан ортиғини аёллар ташкил қилишини таъкидлаб ўтди.
Мазкур қонун Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилнинг 17 августида қабул қилинган. 7 боб 32 моддадан иборат қонунда гендер, гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар, гендер статистикаси, гендер-ҳуқуқий экспертиза, жинс бўйича бевосита камситиш, жинс бўйича билвосита камситиш каби тушунчаларга изоҳ берилди.
Шунингдек, қонун билан хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари этиб қуйидагилар белгиланган:
• қонунийлик;
• демократизм;
• хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги;
• жинс бўйича камситишга йўл қўйилмаслиги;
• очиқлик ва шаффофлик.
Муҳокамалардан кейин Сенат раиси Танзила Норбоева қонунни овозга қўйди. Сенаторларнинг 83 нафари қонунни қўллаб-қувватлади, 1 нафари бетараф қолди.